Максимал балл тўплаган ва пулли шартнома асосида ўқишга тавсия этилган абитуриентларнинг кириш тестлари натижалари қайта кўриб чиқилди. Энди ушбу абитуриентлар грант асосида таълим олишади. Бу ҳақда блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев маълум қилди.

Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган абитуриентнинг тест натижалари қайта кўриб чиқилиб, грант асосида ўқишга тавсия этилди.

Имтиҳонлар натижалари эълон қилинган куни қўлга киритиш мумкин бўлган энг юқори натижани қайд этган, бироқ тўлов шартнома асосида талабаликка тавсия қилинган (бу йил иккита фан бўйича тест синовлари ўтказилди ва натижаларни ҳисоблаш тартиби ўзгаргани сабабли максимал балл 189 га тенг бўлди) абитуриентлар билан боғлиқ вазият энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бўлган эди. Яъни тестларни 100 фоиз ечиш ҳам талаба бўлиш кафолатини бермади.

Давлат тест маркази мазкур вазиятни Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сонли қарорига биноан республика ва халқаро танловлар ва мусобақалар ғолиблари олий ўқув юртларига грант асосида тест синовлари ўтказилмасдан қабул қилинаётгани ҳамда айрим ҳудудларда грант жойлари ана шундай абитуриентлар билан тўлгани билан изоҳлади. Бироқ Хушнудбек Худайбердиев бундай абитуриентларга қўшимча жойлар ажратилиши кераклигини эслатиб ўтди.

ДТМ матбуот хизматидан «Газета.uz»га маълум қилинишича, ҳозирги кунда тест натижалари ҳақиқатан ҳам қайта кўриб чиқилмоқда, республика ва халқаро танловлар ҳамда мусобақалар ғолиблари учун эса алоҳида жойлар ажратилмоқда.

«Олимпиадачилар учун алоҳида жойлар ажратамиз, абитуриентларни эса бюджетга қайтарамиз. Энди биз ҳужжатларни йиғаяпмиз, кейинчалик қўшимча маълумотлар тақдим этилади», — дея таъкидлади марказ матбуот хизмати.