Тошкентда Иқтисодиётни тиклаш бўйича кредит институтининг (KfW) маҳаллий бюроси очилади. Бу ҳақдаги келишув 2019 йил 24 декабрда имзоланган бўлиб, 29 сентябрь куни президент фармони билан тасдиқланди, дея хабар берди Norma.uz.

KfW 80 фоиз Германия федерал ҳукуматига (20 фоизи — федерал ҳудудларга) тегишли бўлган банклар гуруҳидир. У 1948 йилда урушдан кейинги Европа иқтисодиётини тиклаш дастурини («Маршалл режаси») амалга ошириш учун яратилган.

Гуруҳда халқаро молиялаштириш бўйича бўлинмалар фаолият юритади:

  • KfW IPEX-Bank халқаро лойиҳалар ва экспортни молиялаштириш учун жавобгардир;
  • DEG — KfW нинг шўба корхонаси бўлиб, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларга сармоя киритадиган компанияларни молиялаштиради ва маслаҳат беради;
  • KfW тараққиёт банки — Германия ҳукумати номидан бутун дунё бўйлаб молиявий ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суради.

Тошкентдаги офис хорижий давлатнинг иқтисодий ва техникавий ҳамкорлик бўйича давлат ташкилотининг ваколатхонаси сифатида аккредитациядан ўтади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ушбу ҳукуматлараро келишувни амалга ошириш учун масъул ваколатли орган ҳисобланади.