Бош прокуратура Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 11-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчисининг дарс вақтида тўсатдан вафот этгани тўғрисидаги хабарга изоҳ берди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг «Газета.uz» га хабар беришича, Ш. С.нинг (2005 й.т.) ўлими 16 сентябрь куни соат 10:10 атрофида содир бўлган. Қиз тирсакларини деразага тираб, ҳушини йўқотган. Тўпланган дастлабки ҳужжатларга кўра, қизда сурункали касалликлар бўлмаган ва унинг танасида ҳеч қандай жароҳат излари топилмаган.

Айни пайтда туман прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда. Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Дастлабки маълумотга кўра, қизнинг ўлимига ўткир нафас юрак-қон томир етишмовчилиги тез ва қисқа вақт ичида юзага келганлиги сабаб бўлган. Текширув давом этмоқда.