Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 16 сентябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабати вазирлиги вакиллари иштирокида 14 сентябрда имзоланган «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори ижроси юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, қарор билан 2021 йилдан бошлаб чет элга ишлаш учун кетаётганлар учун мажбурий касб-ҳунар таълими тартиби жорий этилади ва қонуний мигрантлар ўз-ўзини иш билан таъминлайдиганлар билан тенглаштирилади. Шунингдек, Ўзбекистонда Россия Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ваколатхонаси очилади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директори ўринбосари Давлатназар Матрасулов Россия мисолида нима учун меҳнат муҳожирларининг аксарияти ноқонуний равишда иш топаётганлигини тушунтирди.

Унинг таъкидлашича, қонуний мигрантлар патент олишга пул сарфлайдилар ва иш бошлагандан сўнг улар тегишли хизматлар учун ҳам тўлайдилар. Бундан ташқари, пул ўтказмалари ва Ўзбекистонда иш стажи билан боғлиқ харажатлар ҳам мавжуд.

Агентлик раҳбари ўринбосарининг қўшимча қилишича, муҳожирлар маълум бир вақт давомида бошқа мамлакатда зарур ҳужжатларсиз қолишлари мумкин, аммо улар кетгач, улар маъмурий жавобгарликка тортилади, шунингдек, кириш тақиқланади.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига асосланиб, у ҳозирда 600 минг ўзбекистонлик ушбу мамлакатда рўйхатдан ўтмасдан бўлиб тургани ва депортация ва мамлакатга кириш тақиқини олишдан қочиб юрганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бир неча йил давомида 421 минг фуқаро Ўзбекистонга чиқариб юборилган ва энди улар Россияга кириш ҳуқуқига эга эмас.

Агентлик директори ўринбосари қонуний миграциянинг афзалликлари сифатида фармонда кўзда тутилган микрокредитлар, субсидиялар ва бошқа қулайликларни айтиб ўтди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директори Муҳаммадзокир Маматхонов нима учун иш жойига қонуний йўл билан бориш муҳимлигини тушунтирди. Бундай ҳолда, давлат муҳожирларнинг ҳуқуқларини 100 фоиз ҳимоя қилишга кафолат беради, дея таъкидлади у.

«Масалан, охирги икки йилда биз фуқароларимизнинг 823 минг доллар миқдоридаги ойлик иш ҳақлари ва товон пулларининг тўлаб берилишига эришдик», — деди агентлик директори. У қонуний мигрантларга саломатликлари билан боғлиқ фавқулодда ҳолатларда ёрдам бериш осонроқ эканини қўшимча қилиб ўтди.

Ўқув машғулотларини тугатгандан сўнг, тайёр кадрларнинг мамлакатни тарк этиши Ўзбекистонга қандай фойда келтиради, деган саволга Давлатназар Матрасулов ушбу амалиёт кўплаб мамлакатларда оммалашган, деб жавоб берди. У ўз фуқароларини меҳнат муҳожирлари сифатида юборишда етакчи ҳисобланган Филиппинни мисол қилиб келтирди.

«Ташқи меҳнат миграцияси, бу — иқтисодиётнинг ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатадиган молиявий донор. Биз чет элдан пул тушими қонуний ҳолга келишини, унинг улуши кўпайишини ва шу билан мамлакатдан чиқиб кетаётган фуқаронинг охир-оқибат муайян билим, кўникмаларни эгаллаши ва ҳеч бўлмаганда тилни ўрганишини истаймиз», — деди агентлик директори ўринбосари.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг шўъба мудири Одилжон Комилжонов мавзуни давом эттириб, ҳар йили Ўзбекистондаги ўрта махсус таълим муассасаларини 700−750 мингга яқин ёшлар битираётганини, уларнинг 150 мингга яқини олий ўқув юртларига ўқишга киришини таъкидлади. Тахминан шунча миқдордаги ёшлар касбга эга бўлиб, ишга жойлашадилар.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти йилига ўртача 300 мингга яқин янги иш ўринларини яратмоқда ва натижада қарийб 200 минг фуқаро иш излай бошлайди ва чет элга кетади. У буни юқори демографик ўсиш билан изоҳлади ва жараённинг ўзини эса «демографик дивиденд» деб атади.

«Бу нарсани шундай тушуниш керак, миграция дегани фуқароларни бир ёққа чиқариб юбориш эмас, миграция — бу экспорт. Ишчи кучи экспорти. Бутун дунёда бу нарса бор. Бу республиканинг иқтисодий салоҳиятини оширади, бунинг учун сифатга эътибор қаратилади [касб ва тилни ўргатиш орқали]», — деди Комилжонов.