«2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ҳукумат қарори (545-сон, 08.09.2020 й.) қабул қилинди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Қарорга кўра, 2020 йилда етиштирилган пахта хомашёси йиғим-теримини ташкил этишда:

  • машинада терилган 1 т пахта учун — 920 000 сўм хизмат ҳақи тўлаш;
  • қўлда терилган 1 кг пахта учун биринчи теримда — 1000 сўмдан, иккинчи теримда — 1400 сўмдан кам бўлмаган меҳнат ҳақи тўлаш;
  • пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялари ушбу нархлардан кам бўлмаган ҳолда мустақил нарх белгилашлари;
  • пахта хомашёси учун меҳнат ва хизмат ҳақини ҳар 5 кунда, зарурат бўлганда, ҳар куни тўлаш тавсия этилди.

Қарорга мувофиқ, ишсиз ҳамда вақтинчалик банд бўлмаган аҳолидан иборат терим отрядлари раҳбарлари билан мавсумий ишга қабул қилиш бўйича фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилади ҳамда терим отрядлари раҳбарларига пахта хомашёси йиғим-терими якунига қадар 2 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларига пахта хомашёсини териб олиши учун йиллик 16 фоиз ставкада (шундан 1 фоиз банк маржаси) кредит ажратиш мақсадида уч ой муддатда қайтариш шарти билан «Агробанк» АТБ депозитига 1,3 триллион сўмгача маблағлар жойлаштирилади.

Пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар ҳамда фермер хўжаликлари томонидан хориждан олиб келинадиган юқори унумли пахта териш техникалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари, истисно тариқасида, 2021 йил 1 сентябргача божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади ва «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини 270 кунгача бўлган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилади.

Қуйидаги туманларда қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун тавсия этилган тариф ставкасига давлат бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 200 сўмдан устама ҳақ тўланади:

  • Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманлари;
  • Қорақалпоғистоннинг Қонликўл, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Шуманай, Чимбой ва Нукус туманлари;
  • Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманлари;
  • Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманлари.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари таълим, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини ҳамда таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларини пахта хомашёси йиғим-теримига жалб қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бунга чек қўйиш юзасидан шахсан масъул эканликлари белгиланди.