Самарқандда аёлни аёвсиз калтаклаш билан боғлиқ ҳолат назоратга олинган, дея хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Таъкидланишича, Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан жабрланган аёлга Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан ҳимоя ордери берилган ва у махсус марказга фарзандлари билан бирга жойлаштирилган.

«Марказда малакали психологлар жалб қилиниб, психологик ёрдам бериляпти, шунингдек, М. тўлиқ тиббий кўрикдан ҳам ўтказилган. Барча зарур дори воситалари олиб берилиб, соғлиғини тиклаши учун ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳозирги кунда жабрланувчи мазкур махсус марказда 2 нафар фарзанди билан яшаб келмоқда», — дейилади Сенат хабарида.

Шунингдек, аёл ва унинг икки нафар фарзанди Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан ҳимояга олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳозирда унинг турмуш ўртоғига нисбатан Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Мазкур ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган. Тегишли идораларга ушбу масала қонуний кўриб чиқилиши юзасидан кўрсатмалар берилган», — дейилади хабарда.

Ўз навбатида, жабрланувчи блогер Aqida Hanum билан ёзишмасида нима сабабдан зўравон эрга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103 (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) ва 110- моддалари (қийнаш) бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилишини сўраган.

Шунингдек, блогер 3 сентябрь куни жабрланувчи аёл билан жонли эфирга чиққан. Мустаҳкам интервью давомида зўравон эр устидан икки бор ИИБга шикоят қилганини таъкидлади. Биринчи сафарида ўз жонига қасд қилиб, реанимацияга тушганида ИИБ ходими келиб, аризани қабул қилган. Иккинчи сафар эса унга мажбурлаб ишлатилган болалар таглиги (памперс)ни едиришганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот органларига арз қилган.