Наманганлик визуал эффектлар бўйича рассом Шавкат Эгамбердиев Akfa (компаниялар гуруҳи, асосий йўналишларидан бири алюмин профиль ишлаб чиқариш) ва Artel (маиший техника ишлаб чиқарувчи йирик компания) компаниялари, шунингдек, Тошкент ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев ҳақидаги ҳажвий видеони тармоққа жойлади. Бироқ кейин у видеони ўчириб, ўз иши учун кечирим сўради, ва шунингдек Troll.uz саҳифасини уни қийин аҳволга солиб қўйганликда айблади.

Бу қандай видеолавҳа эди?

Фото: instagram.com/egamberdiev.sh

Видеода «6 секунд» деб ёзилган таксини ва автомашина орқа ойнасида пушти рангдаги калта пайпоқни кўриш мумкин. Ундан кейин видео муаллифи Шавкат Эгамбердиевнинг ўзи, елкасида кондиционер кўтарган ҳолда кўриниш беради ва чўнтагидан бир нечта доллар валюталарини чиқариб, ҳавога сочиб юборади. Сочилган пуллар CARTEL ва BRAKFA ёзувлари акс эттирилган иккита бино томон учади. Шунингдек, CARTEL биносинининг пастида «любая монополия хороша» ва «духа нет» шиорлари ёзилган. Банкноталар шамол парраклари томон учади, бошқа томондан эса маиший техника востилари чиқади. BRAKFA деб ёзилган бино том қисмида костюм кийган битта эркак (тахминларга кўра, ҳоким Жахонгир Ортиқхўжаев) Gangnam Style услубида рақсга тушмоқда. Бутун видеолавҳа «Афсона» фильмининг (Том Харди асосий ролда) қаҳрамони томонидан айтилган иқтибос билан давом этади.

Видеонинг ўчирилиши ва узр сўраш

Видеолавҳа 31 август куни Troll.uz саҳифасига жойланган ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқала бошлаган. Эртаси куни Шавкат Эгамбердиев ва Troll.uz саҳифаларидаги видео ўчириб ташланган, видеолавҳа муаллифи эса узр сўраган ҳолда видеомурожаат ёзган. Унинг айтишича, видеога қолдирилган барча изоҳларни ўқиб чиққан ва қаттиқ тушкунликка тушган.




«Бу видео, бу қилган ишим нотўғрилигини тушундим. Чуқур афсусдаман. Виждоним қийналди», — деди у.

Эгамбердиевнинг айтишича, у графист сифатида фаолият олиб боради ва ҳар хил видеоклиплар ва реклама роликларини яратиш билан шуғулланади. Бироқ коронавирус пандемияси ва карантин чоралари сабабли буюртмалар сони кескин камайган.

«Тирикчилик қилиш керак. Шунга Instagram даги «подписчик"ларимни кўпайтираман деб, «дешевый хайп» қиламан деб Akfa ва Artel, ва шу жумладан Тошкент ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаевга қилинган видеоролигим жудаям катта хато бўлди. Бундан, албатта, афсусдаман. Бир кун ичида 2000 та «подписчик» қўшилди. Бу ҳалол «подписчик» ҳисобланмайди», — деди визуал эффектлар бўйича рассом.

Шавкат Эгамбердиев таъкидлашича, Troll.uz блогининг муаллифи видеолавҳани кенг оммага тарқатиб юбориб, уни қийин аҳволга солиб қўйди.

«Бу вазиятдан Troll.uz фойдаланди. У мени „подстава“ қилди десам ҳам бўлади. Чунки жудаям кўп одамларга тарқалиб кетди. Бу кичкина, ўзимиз учун яратилган видеоролик, қанақадир катта масштабга айланиб кетди. Шунинг учун, Troll.uz дан норозиман. Умумий айтганда, у қилган ишимдан афсусдаман. Бу ватанпарварликка кирмайди. Узр сўрайман. Афсус», — деди мутахассис.

Видеода Шавкат Эгамбердиев бир неча бор кўзларини пастга туширганини кўриш мумкин — афтидан матнни ўқиш учун.

Узр сўралган мурожаат, шунингдек, Artel ва Akfa Windows & Doors компанияларининг Facebook даги расмий саҳифаларида ҳам жойланди.


Troll.uz нинг муносабати ва таҳдидлар эҳтимоли

Troll.uz блогининг муаллифи Умид Гафуров ушбу вазиятни изоҳлади ва ундан хафа эмаслини айтди.

«У кишининг ҳолатларини тўлиқ тушунаман ва сиздан у кишига нисбатан ғазабланмаслигингизни сўрайман. Чунки, видео чиққанидан кейин эртаси куни Шавкат менга Aртел компанияси вакилларидан таҳдид келаётганини айтди. Рамзиддин деган одам қўнғироқ қилиб таҳдид билдирган ва ўзини Артель бош директори деб таништирган (телефон рақами * 107000 билан тугайди). Видео муаллифидан видеода узр сўрашни олиш талаб қилинган. Мен Шавкатдан бундай қилмасликни сўрадим, чунки у ҳеч нарсада айбдор эмас эди», — деб ёзди блогер.

Унинг айтишича, компаниянинг вакили Тошкентдан Наманганга «Шавкат билан суҳбатлашиш учун» кетган.

«Учрашув бугун соат 7 да бўлиб ўтиши керак эди. Шавкат билан телефонда гаплашдим, кечикяпти деди. Ёнингизда одам борми деб сўрадим. Бор деди. Соат 8 ларда учрашишди шекилли. Шундан сўнг, Шавкат қўнғироқларга ва Telegram даги хабарларга жавоб бермади. Кейин у менга „Мен сизни ҳурмат қиламан, лекин мажбур бўлдим“ деб ёзди», — деди Умид Гафуров.

Блогер шунингдек, постида Troll.uz ва Шавкат Эгамбердиевни «кир қидиришда» айблаган Шуҳрат Мусаев деган блогер, Artel, Akfa компаниялари ва ҳоким Жахонгир Ортиқхўжаевни ҳимоя қилган ва Artel ишчилари унинг постига фаол тарзда изоҳлар қолдиришган.

«Менимча, Шавкатдан менинг барча сўзларимни рад этишни ва барча ёзишмаларни тозалашни сўрашади. Мендан ҳам ушбу хабарни олиб ташлашимни „жуда қаттиқ“ сўрашса керак. Балки шунга мажбур ҳам қилишар. Ҳозир ҳеч нарсага кафолат бериб бўлмайди. Aммо, барчангиз биласизки, Интернетда нашр этилган барча нарсалар у ерда абадий қолади», — таъкидлади у.

Умид Гафуровнинг айтишича, Шавкат Эгамбердиев ундан бу ҳолат юзасидан ҳеч нарса юкламаслигини илтимос қилган.

«Шунинг учун барча эътирозларингизни фақат ўзимга билдиринг. Шавкат Эгамбердиев жуда истеъдодли монтаж устаси. Бундайн инсонларни қўллаб-қувватлаш керак. Aйтганча, буларнинг барчаси 1 сентябрда содир бўлди. Барчангиз байрамингиз муборак бўлсин!» — деб ёзди Troll.uz муаллифи.

Kurbanoff.net блоги муаллифи вазиятни Стрейзанд эффектига — «бирор бир информациянинг оммага тарқалиб кетишини тўхтатишга ҳаракат қилиб, унинг янада кенг тарқалишига сабабчи бўлиши» (асосан интернет орқали) каби ижтимоий феноменга ўхшатди.

Artel изоҳи

Artel брендини ривожлантириш ишлари бўйича раҳбар Рамзиддин Қўчқоров «Газета.uz» сўровига жавобан дизайнерга таҳдидлар қилинганлиги ва ундан видеони Instagram дан ўчиришни талаб қилинганлиги ҳақидаги версия, бу шунчаки Troll.uz нинг тахминлари эканлигини айтди.

«Troll.uz нинг фикрлари ҳар доим ҳам тўғри ва адолатли бўлавермайди», — деди у, Шавкат Эгамбердиевнинг ўзидан унга қарши таҳдидлар бўлган ёки бўлмаганлигини аниқлаштиришни маслаҳат берган ҳолда.

«Газета.uz» Шавкат Эгамбердиев билан боғлана олмади.

Artel ўзининг расмий изоҳида компаниянинг корхоналари, минтақавий шериклари ва кичик ишлаб чиқариш устахоналари 40 мингдан ортиқ одамни иш билан таъминлаётганлигини таъкидлади. Бу йил 3000 га яқин иш ўрни яратилди.

Корхоналарнинг маҳсулотлари 10 дан ортиқ мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Бу йил ҳисобига экспорт ҳажми 100 млн долларни ташкил қилиши кутилмоқда. Йилнинг ўтган саккиз ойида давлат бюджетига 500 млрд сўмдан ортиқ солиқлар тўланган, дейилади баёнотда.

«Бизнинг мақсадимиз юртимизни дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқишда ўз меҳнатимиз билан иштирок этиш, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлашдир. Хеч кимга сир эмаски, минглаб фуқароларимиз бошқа юртларда оғир шароитларда меҳнат қилиб, ўз оиласини боқмоқда, фарзандини ёшлигини фақат телефон экранларидан томоша қилишга, энг бахтли онларини оиласидан узоқда бўлишга, ҳаттоки, ота-онасининг сўнгги кунларида уларнинг ёнидан узоқда бўлишга мажбур бўлмоқда. Шунинг учун, юртимизда яратилган ҳар бир иш ўрни жуда муҳим ва биз келгусида ҳам янги иш ўринлари яратиш ўз мақсадимиз сари тинмасдан меҳнат қиламиз», -таъкидлади Artel.

Компаниянинг таъкидлашича, «айрим ҳасадгўй шахслар, бир марталик машҳурлик, замонавий тилда айтганда „хайп“ учун нотўғри маълумотларни компания шаъни ва ишчанлик обрўсига зарар келтирувчи маълумотларни тарқатаётгани, унда меҳнат қилаётган кўп сонли жамоасини ғазабига сабаб бўлди».

Artel нинг фикрича, баъзи одамлар сўз эркинлигини суистеьмол қилиб, интернет тармоқларида хоҳлаганча ҳақорат қилиш, маълумотларни текширмасдан тарқатиш ва шахсларнинг обрўсига зарар келтирувчи маълумотларни шу вақтга қадар ҳеч бир чекловсиз тарқатиб келмокда.

«Биз сўз эркинлигини ҳурмат қиламиз, ҳар қандай конструктив танқидга тайёрмиз ва ўз фаолиятимизда йўл қўяётган хатоларимизни тузатишга, олдини олишга харакат қиламиз. Аммо, зарар келтирувчи маълумотларни тарқатиш ҳолатларига нисбатан қонун хужжатларида белгиланган тартибда ўз манфаатларимизни ҳимоя қилишга ҳам тайёрмиз», — дейилади хабарда.

Компания ҳисоблашича, Шавкат Эгамбердиев томонидан жойлаштирилган видео «компанияни обрўсизлантирадиган, ишчанлик обрўсига зарар етказадиган нотўғри маълумотларни ўз ичига олган». Artel «интернетдаги ўзи ҳамда бошқа фойдаланувчилар томонидан Telegram, Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқларида тарқатгани ҳолати бўйича қонун хужжатларида белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш масаласи кўриб чиқмоқда».