Тошкентнинг Яшнобод туманида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати (ХУЖМШ)нинг собиқ директори катта миқдордаги маблағни ўзлаштиришда айбланмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан олиб борилган терговга қадар текширув натижасида фуқаро О. Д. 2016−2018 йилларда «I-K» ХУЖМШни бошқарган. Шу вақт ичида у рафиқаси Ш. номига «T. S.» ва таниши С. номига — «T. M.» МЧЖларини очиб, ўзи ҳам уларда норасмий равишда иш олиб борган.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, 2017 йилда ХУЖМШ таркибига кирувчи кўп қаватли биноларни таъмирлаш учун собиқ директор банкдан 461,2 млн сўм миқдорида кредит олган ва юқорида қайд этилган компаниялар билан воситали шартномалар тузган. Шундан сўнг, у далолатномаларга 229,3 млн сўмлик ишларнинг бажарилгани ҳақида сохта маълумотлар киритган.

Ушбу ҳолат юзасидан О. Д. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (ўта катта миқдордаги пулни талон-торож қилиш ёки ўзлаштириш орқали ўғирлаш), 228-модда 1 ва 3-қисмлари (калбаки ҳужжатлар, штамплар ва муҳрлар тайёрлаш, сотиш ёки уларни қўллаш) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда тергов давом этмоқда.