Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 август куни Беларусь президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Шавкат Мирзиёев «Александр Лукашенкони бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклаб, унга Беларуснинг барқарор тараққиёти ва равнақини таъминлаш йўлида янги зафарлар тилади», дея қайд этилди хабарда.

Икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги анъанавий яқин ҳамкорликка доир долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали алоқалар, аввало савдо-иқтисодий соҳадаги амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Олий даражадаги келишувларни ўз вақтида амалга ошириш, икки мамлакат етакчи корхоналарининг кооперацияси бўйича истиқболли лойиҳаларни илгари суриш ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини кенгайтириш мақсадида ўзаро мулоқотни, шу жумладан қўшма Ҳукуматлараро комиссия доирасида фаоллаштиришга келишиб олинди.

Беларусь президентлигига сайлов якшанба куни бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларга кўра, Александр Лукашенко 80,08 фоиз, унинг энг яқин таъқибчиси Светлана Тихановская эса 10,09 фоиз овоз тўплади. Светлана Тихановская сайлов якунларини тан олмади ва МСКга сайлов якунларини ҳақиқий эмас деб тан олиш талаби билан шикоят йўллади.

Овоз бериш якунига етганидан сўнг Беларусь шаҳарларида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. ИИВ маълуотларига кўра, тун давомида 3000 киши қўлга олинган, жароҳатланганлар бор.