Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева парламент юқори палатасининг олтинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон олий таълим тизимини танқид қилиб, ушбу соҳадаги коррупция таълим сифатини пасайтириб, ОТМларнинг халқаро рейтинглардаги ўринларининг пасайишига сабаб бўлаётганини таъкидлади.

«Таълим тизимини, айниқса олий таълимни коррупция иллатидан буткул халос этишимиз зарур. Таҳлилларга кўра, олий таълимда коррупция ҳолатлари деярли барча босқичларда мавжуд. Талабаликка қабул қилишдан тортиб, ўқиш жараёнидаги синовлар, талабаларнинг ўқиш жойини кўчиришгача бўлган босқичларда кенг тарқалган», — деди Сенат раиси.

Танзила Норбоеванинг алоҳида қайд этишича, бу ҳолатлар таълим сифатига салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, мамлакат олий ўқув юртларининг халқаро рейтинглардаги ўрнини ҳам туширмоқда.

Сенат раҳбари бугунги кунда бирорта ҳам олийгоҳнинг дунёдаги кучли мингта университетлар рейтингига кира олмаганини маълум қилди.

«Республикамиздаги энг катта олийгоҳ — Ўзбекистон миллий университети ҳам жаҳоннинг 30 мингга яқин университетлари глобал рейтингини тузувчи Webometrics халқаро рейтингида 3971- ўринни, бошқа рейтингларда эса 4080-ўринда туради», — деди Танзила Норбоева.

Webometrics рейтинги.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда жаҳон университетлари рейтингларида республикамиз олий ўқув юртлари ўринларини ошириш бўйича жиддий чораларни кўриш топширилди.