Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Сергели туманида барпо этилган янги турар жой мавзеси ҳудудида пойтахт ҳокимлигига тўғридан-тўғри бўйсунадиган алоҳида «Янги ҳаёт» кичик туманини ташкил этиш таклифини билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Президент жума куни туманга ташрифи чоғида ўз таклифи сабабини мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли фаровонлигини таъминлаш, бошқарувни самарали ташкил этиш билан боғлади.

Шавкат Мирзиёев 2016 йили сентябрда беш йил давомида Сергели туманида 500 та кўп қаватли уй қурилишини айтган эди. Охирги 3 йилда туманда 19522 хонадонли 460 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. 26 та намунавий типдаги маҳалла гузарлари барпо этилди. Шу даврда бу ерга 100 мингдан зиёд аҳоли кўчиб келиб, жами аҳоли 276 минг нафардан ошган.

Президент Шавкат Мирзиёев Сергели туманида барпо этилган Flowers Garden Park экопаркини ҳам бориб кўрди. Умумий майдони 10 гектар бўлган экопаркнинг 5 гектари боғ, 5 гектари гул сотиш марказидир.

Боққа йирик гулли магнолия, фотиния фразери, қора сосна, игна баргли арча, «Кримсон кинг» чинори каби 30 турдаги 6 мингдан зиёд манзарали дарахт ва 20 турдаги 60 мингдан зиёд бута олиб келиб экилган. Аҳолининг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун ресторан, савдо шохобчалари ташкил этилган. Туркиянинг «Natural Peyzaj» ширкати билан ҳамкорликда бунёд этилган боғда 200 та иш ўрни яратилган. Малакали агроном ва энтомологлар жалб этилган.

Шунингдек, давлат раҳбари Сергели туманида барпо этилган 16 қаватли уйни бориб кўрди. Бу иморат замонавий стандартлар асосида зилзилага бардошли қилиб қурилди. Деворларида энергия тежовчи материаллардан фойдаланилган. Интернет тармоғи, видеокузатув ва ёнғин хавфсизлиги ускуналари билан жиҳозланди. Уй 2−3 хонали 80 та хонадондан иборат бўлиб, кам таъминланган ва муҳтож оилаларга топширилган.

Шавкат Мирзиёев яқинда туманнинг 5А мавзесида фойдаланишга топширилган 329-умумий ўрта таълим мактабига ҳам ташриф буюрди. Мазкур таълим маскани 1680 ўқувчига мўлжалланган. Унга асос солишда 2019 йилда ташкил этилган Президент мактаблари тажрибасидан фойдаланилган.

Тўрт қаватли мактабда 48 та ўқув хонаси мавжуд. Шундан 20 таси фан кабинети, 14 таси бошланғич синф хонаси ва яна 14 таси хорижий тилларни ўқитишга мўлжалланган. Лаборатория ва тўгарак хоналари, электрон кутубхона, тиббиёт пункти, ошхона, фаоллар зали, спорт майдонларида замонавий шароитлар яратилган. Болаларни аниқ касбларга йўналтириш, ҳунарларга меҳр уйғотиш мақсадларида касбга йўналтириш хоналари ташкил этилган, улар керакли жиҳозлар, асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари, мато ва материаллар билан тўлдирилган.