Наманганда бир кунда содир бўлган иккита ЙТҲда икки киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.

3 август куни соат 17:50 ларда Тўрақўрғон тумани Янгиҳаёт МФЙ ички йўлида Tracker русумли автомашинани бошқариб бораётган ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўлни кесиб ўтаётган олти ёшли пиёдани уриб юборган.

Натижада жабрланувчи оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Худди шу куни соат 21.30ларда Поп тумани Тепақўрғон маҳалласи ҳудудида Москвич-412 русумли автомашинани бошқариб кетаётган ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган Nexia русумли автомашинаси билан тўқнашган.

Натижада Nexia ҳайдовчиси оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.