Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 август куни Нукусга етиб келиб, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари Муса Ерниязов қабрини зиёрат қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

31 июль куни вафот этган Муса Ерниязов Нукус шаҳридаги «Шорша баба» қабристонига дафн этилди. Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

«Раҳматли Муса оға элни яхши кўрган, ҳалол, пок, ор-номусли инсон эди. У кишига жуда ишонардим, Қорақалпоғистондан кўнглим тўқ эди. Тили, дини, тақдири, ташвишлари бир бўлган ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг оғзибирчилигини қадрларди. Қорақалпоғистонни ривожлантириш, одамларнинг бирини икки қилиш бўйича кўп ишларни бошлаган эдик. Энди бу ишларни, режаларимизни дўстлари билан бирга албатта давом эттирамиз», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязов дафн этилган қабристон обод қилинишини таъкидлади.

«Бу ерни Қорақалпоғистонга келганлар эҳтиром билан зиёрат қиладиган масканга айлантирамиз. Шундай ватанпарвар инсонларнинг ҳурматини жойига қўйсак, халқимизга, ёшларимизга намуна бўлади», — деди президент.