Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари Муса Тажетдинович Ерниязов оламдан ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

30 июль куни Республика эндокринология маркази директори Анвар Алимов унинг аҳволи оғирлигини, уни ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратига боғлаб қўйишганини маълум қилган эди. Маълумотга кўра, Муса Ерниязов В.Вохидов номидаги Республика хирургия марказининг Нукус филиалида даволанаётган бўлган.

Июль бошида Муса Ерниязов COVID-19дан даволанаётганлиги ҳақида маълумот тарқалган эди. «Газета.uz» 2−3 июль кунлари коронавирусга қарши кураш бўйича Нукус штаби, Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жўқорғи Кенгес матбуот хизматларига мурожаат қилганида, улар ушбу хабарни тасдиқлашмаган эди.

Лекин 18 июль куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Муса Ерниязова ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовда коронавирус аниқланганлигини тасдиқлаган эди (бунгача ҳоким қабулхонасида ҳам ушбу маълумотни инкор этишган эди).

25 июль куни Repost.uz сайтининг хабарига ҳавола берилган ҳолда Telegram орқали Жўқорғи Кенгес раиси ўлими ҳақидаги хабарлар тарқала бошлаган эди. Хабар жойлаштирилган санаси 20 июль эди. Хабар билан бўлишган блогерлар ҳамда Makan.uz, Kruz.uz таҳририятлари бош муҳаррирлари ва Kar24.uz сайти вакили Қорақалпоғистон прокуратураси ва Нукус ички ишлар бўлимига сўроқ учун чақирилган эди. Уларнинг телефонлари ва ноутбуклари олиб қўйилган. Муса Ерниязов ўлими расмий органлар томонидан рад этилган, Repost.uz сайти эса «сайт административ панели хакерлар томонидан ҳужумга учраб, ёлғон маълумот эълон қилинганлигини» маълум қилган эди.

Муса Ерниязов 1947 йил Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида туғилган. 1971 йили Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш муҳандислари институти, 1986 йили Тошкент олий партия мактабларини битирган. 2019 йил «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

1983−1989 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой коммунал хўжалиги вазири, 1989−1990 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг доимий вакили бўлиб фаолият олиб борган.

2000−2001 йилларда Чимбой тумани ҳокими, 2001−2002 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг индустрияни ривожлантириш, қурилиш ва коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари бўлган.

2002 йилдан бошлаб ҳозирги вақтга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари эди.