Ўзбекистон Олий суди Straus House компанияси таъсисчиси ва раҳбариятига қарши суд ҳуқмини эълон қилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судланувчилар И. Исроилов («Straus House» МЧЖ таъсисчиси), А. Махмуталиев («Straus House» МЧЖ директори), Д. Қутпиддинов («Straus House» МЧЖ директори ўринбосари) ва О. Саидов («Straus House» МЧЖ бош ҳисобчиси) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди. Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судьяси О. Илҳомжонов раислигида кўриб чиқилди.

Straus House мансабдор шахслари Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Наманган, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида яшовчи жисмоний ва юридик шахслар билан 2019 йилнинг январь-апрель ойлари давомида 90 кун муддат ичида Жанубий Африкадан «Острич» зотли туяқуш (страус) жўжасини етказиб бериш юзасидан шартномалар расмийлаштириш орқали уларнинг ишончига кириб, 300дан ортиқ фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилишда гумон қилинганди.

Шундай қилиб, суд жараёни ўз якунини топди ва жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судьяси О. Илҳомжонов раислигида судланувчиларга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Унга кўра,

  • И. Исроилов Ўзбекистон ЖКнинг 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 3-қисмининг «а» банди билан оқланиб, Ўзбекистон ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисмининг «а», «в» бандлари, 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) нинг 3-қисми, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) нинг 1-қисми, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ва 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисмининг «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга узил-кесил ўташ учун 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
  • А. Махмуталиев ЖКнинг 168-моддаси 4-қисмининг «а», «в» бандлари, 184-моддасининг 3-қисми, 189-моддасининг 1-қисми ва 227-моддаси 2-қисмининг «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
  • Д. Қутпиддинов ЖКнинг 168-моддаси 4-қисмининг «а», «в» бандлари, 184-моддасининг 3-қисми, 189-моддасининг 1-қисми ва 227-моддаси 2-қисмининг «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 8 йил 5 ой 26 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
  • О. Саидов ЖКнинг 168-моддаси 4-қисмининг «а», «в» бандлари, 184-моддасининг 3-қисми, 189-моддасининг 1-қисми ва 227-моддаси 2-қисмининг «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жиноят иши юзасидан хатланган мол-мулк тегишли тартибда жабрланувчиларга етказилган зарарлар ўрнини пропорционал тартибда қоплашга қаратилиши белгиланди. Бунда, И. Исроиловдан EZOZ MAX ва СFS MAX МЧЖларнинг фаолияти юзасидан жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди. Шунингдек, И. Исроилов, А. Махмуталиев, Д. Қутпиддинов ва О. Саидовлардан солидар тартибда Straus House фаолияти юзасидан жабрланувчилар фойдасига етказилган моддий зарар миқдори ундирилиши белгиланди.

Жиноят иши юзасидан Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг АТИБ «Ипотека банк» Меҳнат филиали ҳисоб-рақамида сақланаётган ҳамда хатланган Покистоннинг Chemikals & Marbels Lahore Pakistan компаниясига туяқуш жўжаларини сотиб олиш мақсадида шартномага асосан кўчирилган 1,85 млрд сўм миқдоридаги пуллар тегишли тартибда етказилган моддий зарарларни қоплашга пропорционал тартибда қаратилиши белгиланди.

Бундан ташқари, судланувчилар И. Исроилов, А. Махмуталиев, Д. Қутпиддинов ва О. Саидовлардан солидар тартибда тегишли тартибда давлат фойдасига 222,3 млн сўм ундирилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Straus House таъсисчиси Иброҳим Исроилов фирибгарлик айблови билан 2019 йил сентябрь ойида ҳибсга олинган эди.