Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида Captiva автомобилини ҳайдаб кетаётган 2002 йилда туғилган фуқаро ЙТҲ содир этиб, воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди.

Сирдарё вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизматининг хабар қилишича, ҳодиса 24 июль куни соат 12:10 ларда Сардоба тумани Қўрғонтепа махалласи ҳудудидан ўтган 4Р-33 автомобиль йўлининг Найман-Даштобод йўналиши 29-километрида содир бўлган.

Фуқаро У.Х. ҳеч қандай тегишли хужжатларсиз фуқаро Р.Н.га тегишли Captiva автомашинасини ҳайдаб кетаётиб, рул бошқарувини йўқотиши натижасида автомашина ағдарилиб кетган.

Ҳолат юзасидан Сардоба тумани ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Жиззах вилоятида 18 ёшли фуқаро ҳаракатланиб кетаётган «ЗиЛ» автомобили кабинасига чиқиш зинасидан ўзини ташлаб, асфальт қопламасига боши билан тушиши оқибатида ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинган эди.