Фанлар академиясининг таниқли икки нафар олими иқтисодиёт фанлар доктори Ашур Қодиров ва академик Саттор Турсунмуҳаммедов олам ўтишди. Бу ҳақда Фанлар Академияси матбуот хизмати хабар берди.

Иқтисодиёт фанлари доктори, таниқли олим Ашур Қодиров 1953 йили Бухоро вилоятининг Ғиждувон шаҳрида туғилган. 1974 йил Тошкент халқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети)ни тамомлаган. У Москва молия институтида фан номзоди даражасини қўлган киритган бўлса, докторлик диссертациясини Санкт-Петербург молия-иқтисодиёт университетида профессор В.С.Геращенко раҳбарлиги остида ҳимоя қилган.

Қодиров турли йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг «Пул муомаласи ва кредит» ҳамда «Халқаро валюта ва кредит муносабатлари» кафедраларида фаолият юритган.

Шунингдек, Ашур Қодиров 1996 йилдан 2006 йилга қадар Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари, 2006−2017 йилларда «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки бошқарув раиси маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.

«Ашур Қодиров умрининг сўнгги йилларини ёшларга таълим беришга бағишлаб, „Микрокредитбанк“ акциядорлик тижорат банкининг Ўқув маркази директори сифатида ҳам фаолият юритиб, кўплаб шогирдларни етиштирган». — дейилади хабарда.

Қодиров, шунингдек, долзарб иқтисодий масалаларга бағишланган қатор илмий мақолалар муаллифи ҳамдир.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Саттор Турсунмуҳаммедов 91 ёшида вафот этди. Академик ижтимоий фалсафа ва социология соҳасидаги таниқли олим эди.

Саттор Турсунмуҳаммедов 1929 йили Туркистон шаҳрида (Қозоғистон) туғилган. У Тошкент молия институтида ўқитувчи, доцент, кафедра мудири (1955−76), ТошДУ ҳузуридаги Олий ўқув юртлари ижтимоий фанлар ўқитувчилари малакасини ошириш институти директори (1976−79), 1985−1993 йилларда шу институтда ижтимоий-сиёсий муносабатлар кафедрасининг мудири бўлиб ишлаган.

Шунингдек, Тошкент педагогика институти ректори (1979−83), 1983−1985 йилларда Тошкент халқ хўжалиги институтида фалсафа кафедрасининг мудири. ТошДУ ҳузуридаги Олий педагогика институти директори (1993) бўлган. 1995 йилдан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида сиёсатшунослик кафедраси профессори бўлган.

2000 йили Саттор Турсунмуҳаммедов Ўзбекистон Фанлар академиги унвонига сазовор бўлган.