16 июль куни Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия-Қозоғистон давлат чегарасидан ўтказиш масаласи бўйича Россия томони билан келишувга биноан, Ўзбекистоннинг учта йўловчи поезди Тошкент томон йўл олди, дея хабар берди «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот ҳизмати.

1404 йўловчиси бўлган иккита поезд Кинель, яна бир поезд эса 702 йўловчи билан Бузулук станцияларидан ҳаракатланмоқда. Йўл давомида йўловчи поездлар фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчилар платформага тушишига рухсат этилмайди.

Чипталар фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун сотилди. Бузулук-Тошкент йўналишидаги чипталар нархи 1.200.000 сўм (8500 рубль), Кинел-Тошкент — 1.450.000 сўм (10.100 рубль)ни ташкил топди.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.

Ушбу рейсларнинг барча йўловчилари поездлардан тушишлари биланоқ Наманган ва Тошкент вилоятларининг карантин зоналарига юборилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон-Россия чегараларида 2000 га яқин Ўзбекистон фуқаролари тўплангани ҳақида хабар қилган эди. Президент Шавкат Мирзиёев 8 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда уларнинг мамлакатга қайтарилишини ваъда қилган эди.