3 июлдан бошлаб Ўзбекистонда Facebook ижтимоий тармоғига кириш билан боғлиқ муаммолар яна кузатилди. Фойдаланувчилар секин юкланаётган янгилик ленталари, изоҳлар, видеолар ва фотосуратлар ҳақида шикоят қилишмоқда.

Ўзбекистонда хизматдан фойдаланишдаги муаммолар кузатилаётганлиги машҳур сайтлардаги носозликлар ва хатоликларни кузатиб борадиган Downdetector сайти томонидан ҳам тасдиқланди.

6 июль куни «Газета.uz» ўзининг Telegram-каналида сўровнома ўтказди. Унда 4200 дан ортиқ фойдаланувчи иштирок этди. Уларнинг фақат 45 фоизи Facebook одатдагидек ишлаётганини айтишди. 26% обуначиларнинг жавоб беришича, ижтимоий тармоқ фақат VPN орқали ишлаяпти. Бошқа ҳолларда, десктоп версиясида (14%) ёки Facebook нинг мобил дастурининг ишлашида (15%) муаммолар мавжуд.

Фойдаланиш юзасидан муаммолар деярли барча уяли алоқа операторлари мижозлари орасида, шунингдек, Uzonline, Sarkor, Netco, Sarkor, Turon Telecom, Fibernet ва бошқа провайдерлар мижозларида ҳам кузатилмоқда.

«Ахборотлаштириш тўғрисида» ги қонуннинг 12−1 моддасига мувофиқ веб-сайтларга ва веб-сайт саҳифаларига кириш махсус ваколатли орган — Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан, айрим ҳолларда, шу жумладан мавжуд конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартириш чақириғи, урушга чорлов, зўравонлик ва терроризмни тарғиб қилиш, давлат сирларини ошкор этиш ва шу каби бошқа ҳолатларда чеклаб қўйилиши мумкин.

Ахборот технологиялари вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz» га таъкидлашича, вазирлик Facebook га кириш учун «ҳеч қандай чекловлар ёки техник талаблар ўрнатмайди». Агар муаммолар аниқланса, матбуот хизмати провайдерлар ёки Facebook билан боғланишни тавсия қилди, чунки Ахборот вазирлиги фуқароларнинг ижтимоий тармоқдан фойдаланиши билан боғлиқ ҳеч қандай шикоятлар қабул қилмаган.

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасини назорат қилиш ишлари бўйича давлат инспекцияси матбуот хизматининг таъкидлашича, «Ўзкомназорат» турли сайтлардан фойдаланиш имкониятларини кузатиб бормайди ва таъқиқлаб қўймайди.

Инспекция Facebook дан оммавий фойдалана олмаслик ҳолатлари кузатилмаяпти ва бу носозликлар борасида «бу эҳтимол ускунани модернизация қилиш ёки маълум бир провайдер ёки операторнинг профилактика жараёнларини амалга ошираётгани билан боғлиқдир», дея фикр билдирди.

Шу билан бирга, «Газета.uz» билан мулоқот қилган мутахассислар Facebook тармоғида контентни тез етказиб берувчи тармоқ (CDN) даражасини трафикни шейпинг қилиш (кириш тезлигини чеклаш) белгилари мавжудлиги ва шу сабаб сайт жуда секин очилаётганлигини таъкидлашди. Ўзини ошкор қилмаслик шарти билан провайдерлардан бирининг вакили буни тасдиқлади.

VPN орқали сайт эркин ишламоқда. Spot Ўзбекистонда мобил VPN дастурларининг кескин оммалашганига эътибор қаратди.


Ўзбекистонда Facebook ва YouTube га кириш билан боғлиқ муаммолар 2019 йил охири — 2019 йил бошида бир неча ой мобайнида ҳам кузатилган. Расмийлар буни телекоммуникация ускуналарини янгилаш ва тайинланган номлар ва рақамлар бўйича интернет-корпорацияси — ICANN нинг криптографик калитини ўзгартириш билан изоҳлашган эди. Аммо кейинроқ манбалар блоклангани маълум бўлди.

2019 йил ёзида ўша пайт Президент маъмурияти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ва президентнинг матбуот котиби вазифасини бажараётган Комил Алламжонов YouTube ва Facebook ни блоклаб қўйган шахслар «қамоқда» эканликларини таъкидлаган. Унинг сўзларига қараганда, бу йўл билан салбий маълумотлар оқимини камайтиришга ҳаракат қилинган.

Комил Алламжонов интернетни ўчириш билан ҳеч нарсага эришилмаслигини таъкидлаган эди. Ундан ташқари, VPN нинг тобора оммалашиб бориши ноқонуний ва зарарли манбаларга кириш имкониятини очади, бу эса хавфсизлик тизимларини вайрон қилади.

Видео: Ўзбекистонда Facebook қандай ишламоқда