Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида 8 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва давлат бюджетига тушумларни таъминлаш бўйича чоралар муҳокама қилинди, дея хабар берди «Ўзбекистон 24» телеканали.

Тадбиркорлик муҳити бўйича олти ойлик таҳлиллар ҳамма ҳудудларда ҳам бу ишлар етарли эмаслигини кўрсатмоқда, дея таъкидлади давлат раҳбари. Ўтган йилда рўйхатдан ўтган тадбиркорларнинг 23 мингтаси ёки 24 фоизи бугунги кунда фаолият кўрсатмаяпти.

«Олдин биз айтардик: уч йил олдин, беш йил олдин рўйхатдан ўтган тадбиркорлар ишламаяпти. Ҳа, майли, ўтган йили очилган 23 мингта тадбиркор нимага ишламайди? Қани мижозбай ишлаш тизими? Қани тадбиркорлар билан учрашувлар тизими, ҳурматли ҳокимлар, банкирлар? Қани солиқчининг кўмак бергани? Биронта одам бориб сўраса бўлмайдими: сизга қандай кўмак бериш керак, деб? Қани мижозбай ишлаш? Қани кўмакдош бўлиш? Қани тўртта секторнинг иши?» — деб сўради президент.

У тадбиркор сонини кўпайтириш эмас, балки бор тадбиркорга кўпроқ шароит яратиб, электр, гази, суви, йўли, кредити ва давлат қилиши керак бўлган бошқа масалаларни ечиб бериш кераклигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев фаолият бошлаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги тизимини ишлаб чиқишга топшириқ берди. Бу тизим тадбиркорлар учун махсус курслар ташкил этиш, тадбиркорларни рўйхатга олиш, ускуналар сотиб олишда харажатларнинг бир қисмини қоплаш ва бошқаларни кўзда тутади.

«Тадбиркорга хиёнат қилган — сиёсатимизга хиёнат қилган бўлади. Тадбиркорнинг дарди билан яшамаган раҳбар ҳозирги сиёсатни тушунмаган раҳбар бўлади», — деди у.

Йиғилишда 59 та туман ва шаҳарда бизнес муҳити «ёмон» сифатида баҳолангани маълум қилинди.

«Ушбу рейтинг натижалари ҳудудлардаги раҳбарларнинг тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги фаолиятига ҳақиқий берган баҳо. Булар аниқ билиндики, ҳозирги бизнинг катта-катта марраларимизга муносиб қадам қўймаябди. Натижа бермабди. Одамлар рози эмас бу 59 та туман ва шаҳарларда», — деди давлат раҳбари.