Франция президенти Эмманюэль Макрон истеъфога чиққан Эдуард Филипп ўрнига мамлакатнинг бош вазири сифатида Жан Кастексни тайинлади, дея хабар берди France 24 ахборот агентлиги.

Маълум қилиншича, 2017 йилдан Франция ҳукуматига раҳбарлик қилиб келаётган Эдуард Филипп 28 июнь куни бўлиб ўтган муниципал сайловларда Гавр шаҳрига мэр этиб сайлангани сабабли у мамлакат президентидан истеъфо сўраган. Эмманюэль Макрон уни истеъфосини қабул қилган.

Эдуард Филипп ўрнига коронавирус пандемияси пайтида Франциянинг очилиш стратегиясига бош бўлган Жан Кастекс тайинланган. У ҳукумат раҳбари сифатида Макронга асосан мамлакатнинг пандемиядан кейин қийин аҳволга учраган иқтисодиётни қайта тиклашга ёрдам бериши учун тайинлангани хабарда маълум қилинади.

«Макрон уни [Жан Кастексни — таҳр.] бош вазир сифатида ижрочи бўлишини хоҳлайди, ҳеч қандай ҳолатда рақиби сифатида эмас. Президентлик сайловларига қолган икки йил ичида Эмманюэль Макрон [францияликлар учун — таҳр.] ёлғиз ўзи порлаши керак», — дея таъкидлайди «Коммерсантъ» мутахассиси.

Маълумот учун, 55 ёшли Кастекс кўп йиллар давомида давлат хизматчиси сифатида бир неча ҳукуматлар билан ишлаган ва Николя Саркози президентлигида ички ишлар вазирининг ўринбосари бўлган. Тайинловга қадар, Жан Кастекс Прад шаҳрини мэри сифатида фаолият юритиб келаётганди. Апрель ойида унга Францияни карантиндан босқичма-босқич чиқиш стратегиясини бошқариш топширилган. Таъкидланишича, унинг пандемиядан чиқиш стратегияси аҳоли томонидан ижобий қабул қилинган.

Бундан ташқари, маълум қилинишича, Франция бош прокурори Эдуард Филипп, собиқ соғлиқни сақлаш вазирлари Оливе Верана ва Агнес Бузенга нисбатан дастлабки терговни бошлаган.


Манба: Эдуар Филипп. Benoit Granier / Matignon / gouvernement.fr.

«Францияда COVID-19 пандемиясидан сўнг, бош вазир ва олдинги ҳукуматнинг бошқа бир қатор вазирларига қарши 90 та шикоят келиб тушди», — дейилади хабарда. Ушбу шикоятларнинг тўққизтаси бош прокурорга юборилган — дастлабки суд тергови бошланади.

Хабарга кўра, шикоятлар расмийларнинг пандемияга қарши курашдаги ҳаракатлари муносабати билан проекратурага мурожаат қилинган.