25 июндан 1 июлгача бўлиб ўтган референдумда овоз берганларнинг деярли 78 фоизи Россия конституциясига ўзгартиришлар киритишни қўллаб-қувватлади, дея хабар берди мамлакат Марказий сайлов комиссияси.

Таъкидланишича, овоз берган Россия фуқароларининг 21,27 фоизи мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритишга қаршилик билдирди ва 77,92 фоизи эса рози бўлди. Овоз бериш жараёнида рўйхатдан ўтганларнинг 65 фоизи иштирок этган.

РИА Новости хабар беришича, Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова овоз бериш жараёнида жиддий қонунбузарликлар қайд этилмаганлигини айтиб ўтди.

Маълумотга кўра, умуммиллий овоз бериш жараёнида 109,1 млндан ортиқ Россия фуқароси иштирок этган. Конституцияга киритилаётган ўзгартиришларни энг юқори қўллаб-қувватлаш Чеченистон (97,92%), Тува (96,79%) ва Қримда (90,07%) қайд этилди. Москвада 65 фоиз, Санкт-Петербургда эса 77,6 фоиз овоз берувчилар ўзгартиришларни қўллаб-қувватлаган. Умуммиллий овоз бериш натижасига кўра, биргина Ямало-Ненец автоном округида 55,25 фоизи овоз берувчилар ўзгартиришларга қарши чиқди.

Манба: ТАСС ва Россиянинг Марказий сайлов комиссияси

Конституция киритилаётган асосий ўзгаришлар

Россия конституциясига ўзгартириш киритиш зарурати тўғрисида Россия президенти Владимир Путин январь ойида Федерал Мажлисга йўллаган мурожаатида таъкидлаб ўтганди. 11 март куни Давлат Думаси учинчи ўқишда ўзгартиришлар тўғрисида қонунни қабул қилиб, 14 март куни ҳужжат президент томонидан имзоланганди. Ушбу ўзгаришлар бўйича умуммиллий овоз бериш апрель ойида бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ коронавирус пандемияси сабабли бу аввал 12 июнь, кейин 1 июль кунига ўтказилиши қолдирилганди.

«Газета.uz» Россия конституциясига қандай ўзгартиришлар киритилаётгани ҳақидаги мақолани тақдим этади.

Ҳукумат тузумидаги ўзгаришлар

Конституцияга киритиладиган янги ўзгартиришлар қаторида ҳукумат тузумидаги ўзгаришлар асосий ҳисобланади. Бунда конституцияга қуйидаги ўзгартиришлар киритилиши белгиланган:

Президентлик муддатининг ноллаштирилиши. Ушбу ўзгариш билан Владимир Путин яна мамлакат президентлигига сайланиш учун ўз номзодини кўрсатиш мумкин.

Россия фуқароси президент лавозимига икки мартадан кўп сайланиши мумкин эмаслиги. Конституциянинг олдинги таҳририда икки марта «кетма кет» сайланиш тартиби бор эди. Ўзгариш Россияда фуқаролар ҳаёти давомида фақатгина икки марта (жами 12 йил) президентликка сайланиши мумкинлигини билдиради.

Собиқ президентларнинг дахлсизлиги. Мазкур янги киритилаётган ўзгариш билан Россияда президентликка сайланган фуқарога нисбатан президентлигидан сўнг унинг фаолияти бўйича жиноий иш қўзғатилмаслигини ва унинг шахси дахлсиз ҳисобланишини назарда тутади.

Собиқ президентнинг дахлсизлиги фақатгина Давлат Думаси ва Олий суд қарори билан бекор қилиниши мумкин. Шу ўринда, агарда собиқ президентга қарши ҳар қандай иш қўзғатилса ҳам, фақатгина Давлат Думаси ва Олий суд қарори билан бекор қилиниши мумкинлиги конституциянинг янги таҳририда белгиланади.

Конституциянинг 79-моддасига Россия ҳукуматига давлатлараро органларнинг баъзи қарорларини эътиборсиз қолдириш имконини берадиган тузатиш киритилмоқда. Бу давлатлараро органларнинг фақатгина Конституциявий суд томонидан Россия Федерацияси конституциясига зид деб топадиган қарорларини бажармаслик имконини беради. Шу билан бирга, халқаро шартномаларнинг Россия қонунчилигига нисбатан устуворлиги расмий равишда ўз кучида қолади.

Президент муддати тугагач «умрбод Сенат аъзоси» лавозимини эгаллайди.

Ҳукумат вазирларининг тайинланиш тартиби ўзгаради. Бунда, биринчидан, президент ҳукумат раҳбарини ишдан озод қилганда бутун ҳукумат тарқатилмайди ва бош вазирнинг президентга сарҳисоблиги пайдо бўлади.

Шунингдек, бош вазир, Федерация кенгаши, Давлат кенгаши, Хавфсизлик кенгаши ва Конституцион судининг ваколатлари кенгайиши Бош қомусга киритиладиган ўзгартиришлардан бири бўлади.

Ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар

Энг кам иш ҳаққи миқдори аниқлаштирилади. Россия Конституциясида меҳнатга лаёқатли аҳолини яшаш минимумини энг кам иш ҳақи миқдори билан боғлаш тўғрисидаги қоидани ўрнатиш кўзда тутилган. Олдинроқ, ушбу қоида Меҳнат кодексида келтирилган эди. Бу, ўз ўрнида, кейинчалик ушбу нормани бекор қилишни қийинлаштиради.

Пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг индекслари аниқлаштирилади. Бу борадаги ўзгариш пенсия на ижтимоий нафақаларининг индексини (меъёрини) бир йилда камида бир марта қайта кўриб чиқишни ва мажбурий ижтимоий кафолатлашни кўзда тутади.

Миллий қадриятларнинг Конституцияга киритилиши

«Бизга қадриятлар ва Худога ишончни қолдирган аждолар хотирасини ҳамда Россия давлатчилигининг ривожланишидаги узвийликни сақлаган ҳолда минг йиллик тарих билан бирлашган Россия Федерацияси тарихан ўрнатилган давлат бирлигини тан олади», — Конституциянинг 67 моддасига ушбу матн қўшилади.

Бундан ташқари, конституцияга тарихий ҳақиқат (янги тушунча) тушунчаси киритилади. Ушбу ўзгаришда асосан, Улуғ Ватан урушидаги аждодлар жасоратини камситишга йўл қўймаслик белгиланади.

Конституцияга Россия Собиқ Совет Иттифоқининг ягона ҳуқуқий вориси ҳисобланиши киритилади. Қайд этилишича, бу матнни Конституцияга киритилиши асосан ҳуқуқий аҳамиятга эга. Чунки халқаро ҳуқуқ асосида Россия Собиқ Иттифоқнинг барча масъулиятларини ўз бўйнига олган.

Ёш болаларнинг аҳамияти (янги тушунча). «Болалар Россия давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши ҳисобланади. Давлат болаларнинг ҳар томонлама маънавий, ахлоқий, интеллектуал ва жисмоний ривожланишига, уларнинг ватанпарварлик, фуқаролик ва катта ёшдагиларни ҳурмат қилиш руҳида тарбияланиши учун шарт-шароит яратади. Давлат, оилавий тарбия устуворлигини таъминлаган ҳолда, ота-оналарнинг қарамоғисиз қолган болаларга нисбатан жавобгарликни ўзига олади», — дейилади янги киритиладиган бандда.

Рус халқининг давлат шакллантирувчи халқ сифатида тан олиниши (янги тушунча). Россия ҳудудида рус тилининг давлат тили мақоми ҳисобга олиниб, бунга асосий сабаб сифатида рус халқи давлат шакллантирувчи халқ сифатида кўрилиши билдирилади.

Никоҳ асоси сифатида эркак ва аёл иттифоқи тушунчасининг киритилиши (янги тушунча). Бундан ташқари, ушбу бандга болаларнинг оилада муносиб тарбия олиши учун шароитларни яратиш, ҳамда вояга етган фарзандларнинг ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилиш мажбуриятларини амалга ошириш тушунчалари киритилади.

Мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва ҳудудларнинг ажралиб чиқиш ҳуқуқи чекланиши. Бу ўзгариш билан Россия ўз ҳудудларини бегоналаштириш бўйича чақириқлар ва ҳаракатларга йўл қўймаслигини билдиради.