Ҳиндистоннинг электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги Хитой компаниялари томонидан ишлаб чиқилган 59 та мобил иловаларини, шу жумладан, TikTok, WeChat мессенжерини ва Twitter нинг хитойча аналоги, Weibo микроблоглар хизматини тақиқлаб қўйди, дея хабар беради The Economic Times.

Ҳиндистон ҳукумати ушбу иловалар «мамлакат суверенитети ва яхлитлигига, мудофаа, давлат хавфсизлиги ва жамоат тартибига зарар етказадиган фаолият билан шуғулланишини» билдирди.

Шунингдек, таъқиқланган мобил иловалар қаторида ShareIT, UC Browser, Likee, Clash of Kings, Helo каби иловалар ҳам бор. Таъкидланишича, ушбу иловалар фойдаланувчиларнинг жуда катта қисмини айнан ҳиндистонликлар ташкил қилади (тахминан 30%). Ушбу тақиқ оқибатида Хитой мобил иловалари ҳидистонлик 300 миллион фойдаланувчисини йўқотади.

Ҳиндистон ҳукуматининг таъкидлашича, баъзи иловалар «фойдаланувчи маълумотларини ўғирлаш ва яширин равишда Ҳиндистондан ташқаридаги серверларга узатиш учун» ишлатилаётганлиги тўғрисида кўплаб хабарлар олинган.

Тақиқ қўйилганига қарамасдан, рўйхатдаги барча иловалар Ҳиндистондаги Google Play ва App Store маркетларида юклаб олиш учун очиқ тургани маълум қилинади.

Ҳиндистон TikTok нинг энг йирик бозорларидан ҳисобланади: 2020 йил апрель ойида дастурнинг 2 миллиард марта юклаб олинишининг 30 фоизини ҳиндистонлик фойдаланувчилар амалга оширган. Ушбу тақиқ Ҳиндистонда смартфонларнинг ҳар учинчи фойдаланувчисига таъсирини ўтказади.

Маълумот учун, TikTok карантин даврида Ўзбекистонда энг кўп юклаб олинган дастурлардан бири бўлди, дея хабар берган Spot.uz.