Президент Наманган шаҳрида вилоят ва туманлар ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, тадбиркорлар ва ёшлар билан учрашди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент жойларда ўзгаришлар, ютуқлар бўлаётганини, лекин булар ҳали режалаштирилган марраларга мос эмаслигини таъкидлаган.

«Тўғри гапни гапирган одам — ислоҳотларга хайрихоҳ. Аччиқ гаплардан тўғри хулосалар чиқариб йўлимизни топиб олишга ҳаракат қилсак, энг катта маррамиз шу бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда эскича тушунчада қолиб кетган раҳбарлар йўқ эмаслиги қайд этилди. Пандемия шароитида юзага келган инқироз пайтида иқтисодиётни тиклаш жуда оғир масала экани, бу жойлардаги ижро органлари мутасаддиларидан катта масъулият талаб қилиши таъкидланди.

Наманган вилоятини ривожлантириш бўйича энг мақбул йўлни топиб, иқтисодиётни юргизиш, иш ўринлари яратиб, аҳолининг бандлигини таъминлаш энг катта масала бўлиб қолаётгани айтиб ўтилди.

Учрашувда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, соҳа ва тармоқларда янги лойиҳаларни амалга ошириш, инвестицияларни жалб қилиш, камбағалликни қисқартириш юзасидан вазифалар белгиланди.