Деҳқон хўжалиги учун ер участкаларини мерос қолдириладиган умрбод эгалик ҳуқуқи билан ажратиб бериш тартибини тугатиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида келтирилган, деб ёзади Norma.uz.

Ҳужжатга кўра, 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган «Деҳқон хўжалиги тўғрисида» ги қонунга ўзгартиш киритилади ва унинг янги таҳрири тасдиқланади.

Таклиф қилинаётган ўзгаришларга кўра, ер боғдорчилик ва узумчилик учун 30−50 йил, сабзавот, полиз экинлари ва бошқа турдаги экинларни етиштириш учун 5−15 йилга ижарага берилади. Деҳқон хўжалигининг фаолияти унга тегишли ер участкасига бўлган ҳуқуқ тугаганидан кейин ёки ижара муддати, шу жумладан суб-ижара муддати тугаганидан кейин тугалланган ҳисобланади.

2021 йил 1 январгача деҳқон хўжаликлари иши билан боғлиқ барча меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлари, ҳукумат ва давлат органларининг қарорлари қонуннинг янги таҳририга мувофиқлаштирилиши керак, аммо у кучга киргунга қадар амалдаги қонунчиликка мувофиқ мулкий муносабатлар сақланиб қолинади.