1 июлдан бошлаб ноширлик фаолияти учун энди лицензия талаб этилмайди, дея хабар берди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги.

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамаси томонидан ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлагани ҳақида ваколатли давлат органини хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Унга кўра, 1 июлдан бошлаб ноширлик фаолияти учун лицензия, матбаа фаолияти учун рухсатнома талаб этилмайди.

Тасдиқланган тартибга кўра, эндиликда тадбиркор ноширлик ёки матбаа фаолиятини бошлаганидан кейин 10 кун ичида Давлат хизматлари марказлари (Ягона интерактив давлат хизматлари портали) орқали Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига хабарнома юбориши кифоя бўлади. Хабарнома юборилганидан кейин 1 иш кунида тасдиқнома электрон кўринишда хабардор қилувчига етказилади.

Эслатиб ўтамиз, 16 март куни «Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги президент қарорига асосан ноширлик фаолияти учун лицензия бекор қилинганди.