Тошкент вилояти туманларидан бирининг ҳоким ўринбосари 25 минг доллар олаётганда қўлга олинди. У хусусий тадбиркорга ер майдонини сотмоқчи бўлган, дея хабар беради «Ўзбекистон 24» телеканали туман номини ошкор этмасдан.

Хабарда қайд этилишича, ҳоким ўринбосари тадбиркорга 10 га бўш ер майдонини 60 минг АҚШ долларига сотишга ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб беришини билдирган. ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-тадбирда, туман ҳокимининг ўринбосари хусусий тадбиркордан 25 минг АҚШ долларини олаётган вақтида жиноят устида ушланган.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон 24» телеканали хабарига кўра, аввалроқ 1 га ер майдонини 100 минг АҚШ долларига сотиш жараёнида ҳоким ўринбосари билан тил бириктирган шахс ҳам қўлга олинган.

«Газета.uz»нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидаги манбаси маълум қилишича, гап Қибрай туман ҳокимининг ўринбосари — инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Ж.Машрапов ҳақида кетмоқда.

Хабарга кўра, хусусий тадбиркор Х.У. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиб, 2019 йил ноябрь ойида Қибрай туман ҳокимининг ўринбосарига 1 гектар ер майдони учун 35 минг АҚШ доллари берганлигини маълум қилган. Ҳозирда ҳоким ўринбосари туманнинг Истиқлол ҳудудидан 9 гектар ер майдонини 25 минг АҚШ долларига сотиб олишни таклиф қилаётгани учун тадбиркор ҳоким ўринбосарига қарши чора кўришни сўраган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бошқа бир манба «Газета.uz» га нима учун айнан ушбу моддалар бўйича иши қўзғатилганини ва нима сабабдан пора олмаслик эмас, балки пора бериш ҳақида гап кетаётганини тушунтириб берди. Таъкидланишича, ҳоким ўринбосари ер майдонини бериш ҳуқуқига эга эмас, шу боис жиноият иши 211-модда 28-модда орқали белгиланди, яъни бошқа ваколатли шахсга пора беришда қатнашиш.