Ўзбекистон Миллий гвардияси сурхондарёлик тадбиркор Довар Жўрақуловнинг Facebook ижтимоий тармоғида ниқоби йўқлиги учун Миллий гвардия ҳарбийлари унга нисбатан куч қўллагани, уни бўғиб, хушидан кетказгани ҳақидаги мурожаати юзасидан изоҳ берди.

Хабар қилинишича, жорий йилнинг 13 июнь куни соат тахминан 15:00 ларда Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари М.Ниёзов ва А.Файзуллаев ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорликда Сариосиё туманида карантин қоидаларига риоя қилиниши бўйича рейд тадбири ўтказаётган бўлган. Сариосиё тумани «Лутфкор» маҳалласида яшовчи Довар Жўрақулов (1995 й.т.) юзига ниқоб тақмаган ҳолда 2 нафар шериклари билан ўзаро суҳбатлашиб турган.

Бу ҳолатни кўриб ҳудудда хизмат олиб бораётган Миллий гвардия ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан уларга карантин қоидаларига риоя қилиш лозимлиги тушунтирилиб, огоҳлантирилганда, фуқаро Д.Жўрақулов ходимларга ўзини таништиришдан бош тортган ва қоидабузарлик содир этганини тан олмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига нисбатан қўпол муомаласи учун туман ИИБга бориши тушунтирилганда эса фаол жисмоний қаршилик кўрсатиб, боришдан бош тортган.

Шундан сўнг, Миллий гвардия ва вилоят ИИБ ходимлари Д.Жўрақуловни автобусга чиқармоқчи бўлганда, у қаршилик кўрсатишни давом эттириб, автобус зинасига ётиб олган. Шу пайт унинг отаси Мухаммади Ражабов келиб автобус зинасида қаршилик қилаётган ўғлининг оёғидан тортиб автобусдан тушириб олишга ҳаракат қилган ва ходимлар билан баланд овозда жанжаллашиб, ўғлини ўзи билан уйига олиб кириб кетган.

Мазкур ҳолат бўйича Миллий гвардия ва ИИБ ходимлари Сариосиё тумани ИИБга маълумот берган ва ушбу фуқаронинг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонуний чора кўришни сўраб, ёзма мурожаат қолдирган.

Ҳозирда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг билдиргисига асосан, Сариосиё тумани ИИБ ходимлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Д.Жўрақуловнинг Ўзбекистон президентига портал орқали қилган мурожаати юзасидан Сариосиё тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари М.Ниёзов ва А.Файзуллаевнинг хатти-ҳаракатларига интизомий баҳо бериш юзасидан хизмат текшируви тайинланган.