Марказий банк 1 июль кунидан бошлаб 200 ва 500 сўмлик қоғоз пуллар муомаладан чиқарилишини маълум қилди.

Таъкидланишича, Марказий банкнинг эски намунадаги 50 ва 100 сўмлик тангалари, шунингдек, 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкнотларини айирбошлаш ҳамда муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан 1997 йил намунасидаги 200 сўмлик ва 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик банкнотлар 1 июлдан қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади.

«Эски намунадаги ушбу пул белгилари 1 июлга қадар барча тижорат банклари бўлинмалари, 1 июлдан кейин эса Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари Ҳисоб-китоб касса марказлари томонидан қабул қилинади ва муомаладаги пул белгиларига чекланмаган миқдорда алмаштириб берилади», — дейилади хабарда.

Шу муносабат билан, Марказий банк фуқароларда эски намунадаги 200 сўмлик ва 500 сўмлик банкнотлари мавжуд бўлса, белгиланган тартибда муомаладаги пул белгиларига алмаштириб олиш мумкинлигини хабарда эслатиб ўтди.

Эслатиб зтамиз, бир йил муқаддам Марказий банкининг эски намунадаги 50 сўмлик, 100 сўмлик тангалари ҳамда 50 сўмлик ва 100 сўмлик банкнотлари тўлов қобилиятини йўқотиб, муомаладан чиқарилганди.