Адлия вазирлиги жорий йилнинг май ойида Гулнора Каримованинг Франциядан Ўзбекистонга қайтарилган 10 млн доллар миқдоридаги активлари манбаси ҳақида ахборот берди.

Қайд этилишича, мазкур маблағлар Ўзбекистоннинг фуқаролик даъвоси бўйича Париж шаҳри судининг 2019 йил 29 июндаги қарори ижроси доирасида мусодара қилинган Париж шаҳри Маршал Манури кўчасидаги Triplex турар жой мажмуасида жойлашган кўчмас мулкни сотишдан келиб тушган.

Қайд этилишича, мазкур маблағлар Ўзбекистон давлат бюджетига ўтказиб берилган умумий тартибда ишлатилади.

«Франциядан қайтарилган маблағлар сарф қилиниши режалаштирилган ижтимоий лойиҳалар ва уларнинг амалга оширилиш жараёни ҳақида шаффоф маълумотлар кенг жамоатчиликка мунтазам ва даврий тақдим қилиб борилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Молия вазирлигининг мутасадди вакилининг чиқишида батафсил тўхталиб ўтилади», — деди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева.

Айни вақтда Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 млрд доллардан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.