«Адолат» СДП сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров ва Ўзбекистон либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Андижонда ички ишлар ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, қийноққа солиниши оқибатида вафот этган фуқаро билан боғлиқ ҳодиса юзасидан муносабат билдиришди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хабар берилгандек, ички ишлар ходимлари Андижонлик А.Абдукаримовни қиммат тошни бошқа бир шахсга қайтармагани учун ушлашган. 13 кун тергов бўлими ходимлари томонидан қилинган қийноқлар ва зўравонликлардан сўнг у шифохонада ҳаётдан кўз юмган. Айбланувчи уч нафар ички ишлар органлари ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, вилоят ИИБ 5 нафар ходими ишдан бўшатилган ва 19 нафари турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича прокуратура органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«АДОЛАТ» партияси

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Наримон Умаровнинг қайд этишича, Андижон вилоятидаги ИИБ ходимларининг ҳатти-ҳаракати оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ кузатувчилари томонидан эътирозга сабаб бўлаётгани бежиз эмас.

«Бинобарин, уларнинг ноўрин муносабати асносида касб шаъни оёқ ости қилинибгина қолмади, балки бир инсон энг олий ҳуқуқи яшаш неъматидан мосуво бўлди… ИИБ масъулларининг мақсади бир бўлиши лозим — ҳақиқатнинг тагига етиш ва фуқароларни ҳимоя қилиш. Аммо инсон ҳуқуқларини топташ орқали адолатга эришиб бўлмайди, фуқароларни дўппослаш уларни ҳимоя қилиш ҳисобланмайди. Афсуски, ИИВ бундай ҳолларга „Бу янгилик эмас“ деб қарашга одатланиб қолган», — дейилади партиянинг хабарида.

«Албатта, айбдорлар томонидан тегишли мутасаддилар жазосини олиши керак. Лекин, уларнинг жазо олгани марҳумни яқинларига қайтариб бермайди. Ёки бундай ҳолат бошқа такрорланмаслик кафолатини бермайди. Яъни ички ишлар тизимида ислоҳотлар натижадорлиги замон талабларига мос эмас. Бу ҳолат бошқа такрорланмаслик учун кимнидир жавобгар қилиш, кимнидир ишдан бўшатиш, кимгадир интизомий чора билан чекланиш эмас, тизимли ислоҳотлар, янгиланишларни амалга ошириш лозим. Бунда тергов органларининг идоравий манфаатдорлигини бартараф этиш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш, жараёнларни шаффофлаштириш лозим» — дея таъкидлайди Наримон Умаров.

«Адолат» социал-демократик партияси бу каби кўнгилсиз ҳолатларга кечиктирмай барҳам берилиши, мудҳиш иллатлар одатий ҳолдек қабул қилинмаслиги тарафдорлиги эканлигини билдириб ўтди.

ЎзЛиДеП

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов ҳам муносабат билдирган.

Унинг сўзларига кўра, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни кучайтириш бу каби ҳолатларни олдини олишга ўз ҳиссасини қўшишини билрдирган.

«Жамиятимизда албатта қонун устуворлиги таъминланиши керак. Келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ҳам қонунийликни кучайтириш зарур», — деди у.

Экологик партия

Ўзбекистон Экологик партия фракцияси аъзоси Камол Жуманиёзов ҳам 30 май куни Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлими ходимлари томонидан фуқаро А.Абдукаримовнинг ички ишлар бўлимида ноқонуний ушлаб турилганлиги ва тан жароҳатлари етказилганлиги оқибатида бевақт вафот этгани бўйича муносабат билдирди.

«Жамиятда қонун устувор бўлган давлатда тинчлик, ўзаро ҳурмат, фаровонлик бўлади… Мазкур ҳолатни содир этилишида сабабчи бўлган собиқ Ички ишлар ходимларига нисбатан қонуний чора кўрилиши муқаррарлигига ишонаман», — дея қайд этди Камол Жуманиёзов.

Аввалроқ, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Мухаммадиев «Газета.uz» га телефон орқали берган интервьюсида Андижонда ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилган қийноқ ҳолатини «уят», деб таърифлаганди.