ОТМларга ҳужжат топширмоқчи бўлган 2020 йилги мактаб битирувчилари ҳужжатларини рўйхатдан ўтказаётганда аттестатни тақдим этиш шарт бўлмайди. Бу ҳақда Давлат тест марказининг матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳозирда баҳолар attestat.uzedu.uz электрон базасига тўлиқ киритилмоқда. Аттестатларни қалбакилаштиришнинг олдини олиш мақсадида эса аттестатларга QR-код қўйиладиган бўлди.

2020 йили 451 377 нафар ўқувчи 11-синфни тамомламоқда. Айни вақтда битирувчилар учун аттестат бланкалари барча ҳудудларга тўлиқ етказилган. Ҳозирда attestat.uzedu.uz базасида битирувчиларнинг баҳолари онлайн киритилаётгани маълум қилинди.

«Мактаблар 15 июнга қадар аттестатларнинг электрон (сканер) шаклини битирувчига (ота-онаси ёки ўрнини босувчи шахс) Telegram мессенжери, электрон почтаси ёки бошқа алоқа воситалари ёрдамида қадар бепул етказади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш жараёнини мувофиқлаштириш учун attestat.uzedu.uz базасида 2020 йили 11-синф битирувчиларининг аттестатлари жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақамига (ПИНФЛ) интеграция қилинган.