Сўнгги уч кунда коронавирусга чалинган 292 нафар беморнинг 118 нафари аҳоли орасида қайд этилган, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Жумладан, 8 июнь куни касаллик қайд этилган жами 109 нафар беморнинг 66 нафари, 9 июнь куни коронавирус аниқланган жами 80 нафар беморнинг 25 нафари ҳамда 10 июнь куни санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 103 нафар беморнинг 27 нафари аҳоли орасида аниқланган.

Ҳудудлар кесимида 10 июндаги ҳолатга кўра, коронавирус юқтирганларнинг 11 нафари Тошкент вилоятидан, 7 нафари Тошкент шаҳридан, 3 нафари Сирдарё вилоятидан, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидан 2 нафардан, 1 нафари эса Қашқадарё вилоятидан.

Мисол учун, Тошкент шаҳрида тана ҳарорати кўтарилиб, уй шароитида даволанган фуқарода, Юнусобод туман давлат солиқ инспекциясининг 2 нафар инспекторида, Шайхонтоҳур туманидаги «Медиапарк» савдо мажмуаси сотувчисининг онасида коронавирус аниқланган.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятида яшовчи, Юнусобод бозорида зираворлар савдоси билан шуғулланадиган фуқаронинг 2 нафар оила аъзосида, Бекобод ва Тошкент туманларида яшовчи 2 нафар фуқаро ҳамда Тошкент туманидаги «Американ госпитал» хусусий клиникаси кичик тиббиёт ходимида ҳам касаллик тасдиқланган.

Шунингдек, коронавирус инфекцияси аниқланган Сирдарё вилояти Ички ишлар ходимининг қўшниси ва у билан мулоқотда бўлган 2 нафар тикувчилик цехи ходимларида, Самарқан вилояти «Мароқанд» ДУКнинг 2 нафар ходими ҳам коронавирусга чалингани маълум бўлди.

Бугун айни пайтга қадар касаллиги аниқланган 72 нафар беморнинг 20 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида аниқланган бўлса, қолган 52 нафари аҳоли орасида қайд этилмоқда. Жумладан, Қашқадарё вилояти Муборак туманида фаолият кўрсатувчи хорижий корхонанинг бир йўла 28 нафар ходимида, Тошкент шаҳри Юнусобод бозорининг яна 2 нафар сотувчисида коронавирус инфекцияси тасдиқланди.

«Гувоҳи бўлганингиздек, коронавирус инфекцияси юртимизнинг исталган ҳудудида пайдо бўлиши, жинси ва миллатидан қатъи назар ҳар қандай касбдаги фуқарода қайд этилиши мумкин. Бизнинг ҳудудда касаллик кўрсаткичи паст ёки аниқланмади, дея бир зум бўлса-да, хушёрликни йўқотсангиз, кутилмаганда коронавирусни юқтириб олишингиз ва яқинларингиз соғлигини хавф остида қолдиришингиз ҳеч гап эмас. Ҳар биримиз кўчага чиқиш, мулоқотга киришиш орқали касалланиш эҳтимоли борлигини унутмаслигимиз керак», — дея огоҳлантирди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.