4 июнь куни Наманган вилояти Поп тумани «Тошкент-Ош» автомобиль йўлининг 227 километрида 3 та юк автомашинаси иштирокидаги йўл транспорт ҳодисаси рўй берди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, 4 июль куни соат 05:00 да 63 ёшли А.Р., бошқарувида бўлган «Самс» русумли юк автомашинасини Поп тумани «Кўшминор» МФЙ ҳудудидан ўтувчи «Тошкент-Ош» автомобиль йўлининг 227 километрида бошқариб кетаётганида, тормоз тизими ишламай қолиши натижасида ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмасдан, шу йўналиш бўйича йўлнинг четида тўхтаб турган 26 ёшли А.Ғ. нинг бошқарувида бўлган «Isuzu» юк автомашинасига ва 26 ёшли Н.Р. нинг бошқарувида бўлган иккинчи «Isuzu» юк автомашинанинг орқа қисмига урилиб, ағдарилган. Оқибатда «Самс» юк автоавтомашинасининг кабина қисмида ёнғин юзага келган.


ЙТҲ оқибатида «Самс» юк машина ҳайдовчиси А.Р. ва «Isuzu» юк автомашинадан бирининг ҳайдовчиси А.Ғ. лар ҳодиса жойида вафот этганлар, иккинчи «Isuzu» русумли юк автомашинанинг ҳайдовчиси Н.Р. шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Поп тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.