Жорий йилнинг шу давригача Қашқадарё вилоятидаги президент Халқ қабулхонасига 5693 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 4349 таси қаноатлантирилган. Бу ҳақда президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Қайд этилишича, президент Халқ қабулхоналари карантин кунларида ҳам аҳоли мурожаатлари билан ишлашда давом этмоқда. Шу вақтгача мурожаатлар онлайн тарзда қабул қилинган бўлса, Қашқадарё вилояти короновирусдан ҳоли «яшил» ҳудудга кирганидан сўнг яна ишлар ҳар доимгидек йўлга қўйилди.


«Карантин талабларига қатъий риоя қилиниб, тиббий ниқобларда, оралиқ масофаларга эътибор қаратилган ҳолда фуқароларнинг муаммолари тингланяпти, мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг ечими бўйича чора тадбирлар кўриляпти», — дейилади хабарда.


Жумладан, Қарши шаҳридаги «Арал» маҳалласида аҳоли мурожаати асосида 3 қаватли, 630 ўринли умумтаълим мактаби қурилди. Шунингдек, «Гунгон», «Ғафур Ғулом», «Кат» маҳаллаларини кесиб ўтувчи Алишер Навоий ва «Насаф» кўчаларини таъмирлаш учун республика бюджетидан 16,150 млрд сўм маблағ ажратилди. Айни пайтда 4 тасмали йўлга айлантириш ишлари олиб борилмоқда. Йўлнинг икки томонида пиёдалар йўлакчалари қурилиб, сув қочириш лотоклари барпо этиляпти. Ёритиш тармоқлари янгиланяпти. Тупроқ, иқлим шароитидан келиб чиқиб, турли манзарали дарахт кўчатлари экиш ишлари амалга оширилаяпти. Йўл қурилиши муносабати билан 700 дан ортиқ ишсиз ёшлар ишга қабул қилинди.


Вилоятда 23 та ишлаб чиқариш кооперацияси ташкил этилди. Уларга 732 нафар иш билан банд бўлмаган фуқаролар ва ёшлар бириктирилди. Бандликка кўмаклашиш маркази жамғармаси ҳисобидан кооперация аъзолари учун 2 миллиард 566 миллион сўм миқдорида субсидиялар ажратилди.


Бундан ташқари, қир-адирлик ва лалми ерлар ўзлаштирилиб, 1 минг 365 гектар янги ерлар очилди. Самарасизлиги туфайли фойдаланишдан чиқарилган 659 га ерқайтадан экин майдонларига айлантирилди. Янги очилган ерларда суғориш тармоқларини йўлга қўйиш учун 22 та артезиан қудуқлар қазилиб, сув чиқарилди, 19 та сув насослари янгидан ўрнатилди, 15 км лотоклар қурилди, 16 км лик канал ва ариқлар тозаланди.


«Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси доирасида Қарши туманидаги"Хонобод" массивида қаровсиз,фойдаланилмай турган 93 гектар ер майдони 132 нафар йигит-қизга имкониятига қараб, 50 сотих ва 1 гектардан бўлиб берилди. Сув чиқиши қийин бўлган майдон текисланиб, шудгор қилинди. Ҳудуддаги яроқсиз аҳволга келиб қолган трансфарматор таъмирланди. Сув йўллари очилиб,3 та артезиан қудуғи ўрнатиб берилди.

Имкониятлар ҳисобга олиниб, ушбу ҳудудда яна 500 гектар ерни ўзлаштириш, 500 нафарижтимоий ҳимояга муҳтож оилага ва ёшларга бўлиб бериш режалаштирилмоқда.