Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида Korean and migrations xususiy bandlik agentligi масъулияти чекланган жамияти раҳбарлари устидан очиқ суд жараёни бошланди, дея хабар қилди Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов «Газета.uz»га.

Суд жараёнида Қаҳрамон Отақулов (1979 йилда Бухоро вилоятида туғилган, муқаддам судланган, Korean and migrations xususiy bandlik agentligi директори), Одил Кабилов (1963 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам судланган, Korean and migrations xususiy bandlik agentligi Наманган вилоят филиали директори), Хушвақт Турдиев (1973 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, Korean and migrations xususiy bandlik agentligi таъсисчиси), Мусурмон Алиқулов (1970 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, Korean and migrations xususiy bandlik agentligi ўқув ишлари бўлими директори), Анваржон Шамшиддинов (1983 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам судланган, Korean and migrations xususiy bandlik agentligi Наманган вилоят филиали иш юритувчиси), Орифжон Жўраев (1983 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, Korean and migrations xususiy bandlik agentligi Наманган вилоят филиали ғазначиси), Мавлуда Отажонова (1969 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланган, Korean and migrations xususiy bandlik agentligi ҳисобчиси), Раъно Нуралиева (1976 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, Korean and migrations xususiy bandlik agentligi кадрлар бўлими инспектори), Канг Нам Кю (1968 йилда Корея Республикасида туғилган, муқаддам судланган, Korean and migrations xususiy bandlik agentligi ҳамкори) ва Жолол Хидиров (1987 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, воситачи)га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилмоқда.

Мазкур жиноят иши судья Т. Қосимов раислигида кўрилмоқда.

Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи Қ. Отақулов ва бошқалар Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришга ёлғон ваъдалар бериб, Korean and migrations xususiy bandlik agentligi МЧЖга келиб мурожаат қилган фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритишиб, ушбу пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.

Ушбу жиноят иши бўйича 2 372 жабрланувчи ва 4 фуқаровий даъвогар мавжуд.

Айблов хулосаси бўйича, моддий зарар миқдори 24,2 млрд сўм бўлиб, шундан дастлабки тергов мобайнида 13,3 млрд сўм миқдорини бартараф этиш чораси кўрилган.

Суд жараёни давом этмоқда. Кейинги суд мажлиси 8 июнь кунига тайинланган.