Бухоро вилоятида 31 май куни юк машинаси ва енгил автомобил тўқнашуви оқибатида икки киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда ИИВ Тергов департаменти матбуот хизмати.

Тахминан 17:30 лар атрофида Lacetti автомашинанинг ҳайдовчиси 24 ёшли Ш. Х. Жондор тумани чўл ҳудудидан ўтадиган А-380 Ғузор-Бейнеу автомагистралининг 301-километрида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, 46 ёшли Д. Ш, бошқарувидаги MAN юк машинасининг олд қисмига урилади.

Ҳодиса оқибатида Lacetti ҳайдовчиси ва олд ўриндиқда ўтирган 48 ёшли Т.К. оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этишади.

Мазкур ҳолат юзасидан Жондор тумани ИИБ тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми («Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш ёки одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келадиган транспорт воситаларидан фойдаланиш») билан жиноий иш қўзғатилди.

Жиноят иши бўйича дастлабки терговни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Тергов бошқармаси олиб бормоқда.