1 июнь куни соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3662 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 24 нафари Карантин марказидаги (Россиянинг Москва, Санкт-Петербург ва Қозон шаҳарлари ҳамда Қозоғистон Республикасидан келган) фуқаролар орасида, 10 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 4 нафари аҳоли орасида), 1 нафари Наманган вилоятида карантинда бўлган фуқаролар орасида, 2 нафари Сирдарё вилоятига, яна 2 нафари эса Россиядан Тошкент вилоятига чегара пост орқали кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида аниқланган.

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков сўзларига кўра, ҳозирда Республика бўйлаб коронавирус инфекциясидан 810 киши даволанмоқда. Улардан 8 нафар бемор оғир, 1 нафар бемор эса ўта оғир аҳволда, деб баҳоланмоқда.

Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 2837 кишини ташкил этмоқда. Ўн беш киши ҳаётдан кўз юмган.