«Ўзагросуғурта» АЖ Бухородаги табиий офатдан суғурталанган мол-мулкига путур етган тадбиркорга суғурта товонини тўлаб берди. Бу ҳақда суғурта компаниясининг ахборот хизмати «Газета.uz» га маълум қилди.

Маълум қилинишича, қоракўллик Замира Нозимованинг фермер хўжалиги кучли шамол оқибатида авария ҳолатига келиб қолди, бироқ унинг мол-мулки «Ўзагросуғурта» АЖда суғурта қилинганлиги туфайли табиий офатдан кўрилган зарар қопланадиган бўлди.


«Нохуш ҳодиса одамларнинг томорқасини пайҳон қилди. Кўплаб турар-жой бинолари, иморат ва иншоотларга путур етди. Ўз вақтида босилган тўғри қадам, бугун тадбиркорнинг жонига оро кирмоқда», — дейилади хабарда.

Замира Нозимовага тегишли бўлган иссиқхона биноси «Ўзагросугурта» АЖнинг Бухоро филиали томонидан жавобгарликка олинган бўлиб, у гаровга қўйилган мулк сифатида суғурталанган эди.

Мулкка етказилган зарар ҳажми «Бизнесни баҳолаш ва эксперт-консалт» масъулияти чекланган жамияти томонидан мустақил баҳоланган. Даъво иши доирасида тақдим қилинган ҳужжатлардан келиб чиқиб, аниқланган суғурта товони тўлаб берилди.


Хабарга кўра, Бухородаги табиий офат бўйича «Ўзагросуғурта» АЖ томонидан вилоятнинг қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик субъектлари билан содир бўлган суғурта ҳодисалари юзасидан тўланган тўлов жами 2,7 миллиард сўмни ташкил қилади. Яна бир нечта суғурта ҳодисалари бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда.

«Ўзагросуғурта» компанияси томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга, уларнинг бизнеслари тўхтаб қолмаслиги ва молиявий ҳолати тезроқ тикланиши учун аниқланган зарарлар қисқа муддатларда қопланишига эътибор қаратилмоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида.