Рамазон ойи охирлаб борар экан, кўпчилик мусулмонларда фитр садақаси ҳақида саволлар пайдо бўлади. Ушбу садақани кимлар бериши керак, кимларга берилгани яхши каби турли саволларга «Газета.uz» расмий исломий манбалар асосида жавоб топишга ҳаракат қилди.

Нима учун берилиши керак?

Фитр садақаси рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақадир. У рўзадор учун Рамазон ойи давомида айтган беҳуда гап-сўзлари, қилган хато ва камчиликларини ювиш ҳамда камбағал-мискинларга таомланиш имконини бериш мақсадида жорий қилинган.

Ҳанафий мазҳабида фитр садақаси вожиб амал ҳисобланади. Яъни, вожиб — қилиниши лозим амал бўлиб, уни қилмаганлар осий бўлади.

Қачон берилиши керак?

Фитр садақасини Рамазон ҳайити куни тонг отгандан бошлаб ҳайит намозига чиқишдан олдинги вақтга қадар бериш вожиб ҳисобланади.

Рамазоннинг аввалидан бераверса бўлади.

Аммо Ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Агарда киши фитр садақасини ийд намозигача бера олмаса, намоздан кейин беради, лекин савоби Рамазон вақтида берганчалик бўлмайди, аммо бериши шарт. Яъни уни беролмай қолган киши зиммасида фитр садақасини бериш вожиб бўлиб қолаверади.

Кимлар учун берилиши керак?

Фитр садақасини бериш эркагу аёл, ёшу қари, бою камбағал — ҳамма-ҳаммага вожиб бўлади. Ўзида пул йўқларнинг номидан уларга нафақа бериш лозим бўлган шахслар беради.

Шунга ҳам диққат қилиш керакки, балоғатга етган фарзандлари ва хотини учун фитр садақа бериши вожиб эмас. Агар балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун, улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.

Ҳайит кечаси туғилган чақалоқ учун ҳам фитр садақа бериш вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун эса вожиб бўлмайди.

Кимларга берилиши керак?

Фитр садақаси мусулмон камбағал-мискинларга берилади. Берилганда ҳам фитр садақаси йиғилган юртнинг мискинларига берилиши айни муддаодир.

«Фатавои ҳиндия» китобида келтирилишича, фитрни беришда энг афзали, аввало, ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнгра уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнгра уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақли ҳисобланади.

«Баҳрур роиқ» китобида: «Қарзи бор кишига закот бериш фақирга закот беришдан кўра афзалдир», дейилган.

Кимларга берилмайди?

Фитр садақаси нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига*, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.

Шунингдек, ғайридинларга, муртад (диндан қайтган)га, фисқ ишларини очиқ-ойдин қилиб юрувчи фосиққа, бойга, соғ-саломат ва ишлашга қодир бўлатуриб ишламай юрганга бериб бўлмайди. Бундан ташқари, гуноҳ ва маъсиятга, шунингдек мусулмонларга зарар келтирадиган ҳар қандай ишларга сарфлайдиган кимсаларга берилмайди.

Фитр садақаси муҳтожларнинг қўлларига мол сифатида берилиши лозим. Бу пуллар масжид қурилиши, меҳрибонлик уйларининг ташкилий ишлари ва бошқа хайрия ишлари учун берилиши жоиз эмас.

*Нисоб миқдорича моли бўлган бой киши деб зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 21 250 000 сўмдан (2020 йилда) ортиқча маблағга эга бўлган мусулмон кишига айтилади.

Рўза тутмаганлар ҳам фитр садақаси бериши керакми?

Рўза тутмаганлар ҳам ўзлари ёки улар номидан нафақа бериши керак бўлган одам фитр садақасини бериши керак.

Қанча миқдорда берилади?

2020 йил (1441 ҳижрий йил) учун фитр садақасининг миқдори:

  • 2 килограмм буғдой 8 000 (саккиз минг) сўм;
  • 4 килограмм арпа 12 000 (ўн икки минг) сўм;
  • 2 килограмм майиз 70 000 (етмиш минг) сўм;
  • 4 килограмм хурмо 120 000 (бир юз йигирма минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.

Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.