Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2020 йилги фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилинди.

Фитр садақаси қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади. Улар: буғдойдан ярим соъ, арпадан бир соъ, майиздан ярим соъ ва хурмодан бир соъдир. Бир соъ тақрибан 4 килограммга тенг.

Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг буғдой ўртача тўрт минг сўм, 1 кг арпа ўртача уч минг сўм, 1 кг майиз ўртача ўттиз беш минг сўм ва 1 кг хурмо ўртача ўттиз минг сўм экани маълум бўлди.

Шунга кўра, 2020 йил (1441 ҳижрий йил) учун фитр садақасининг миқдори:

  • 2 килограмм буғдой 8 000 (саккиз минг) сўм;
  • 4 килограмм арпа 12 000 (ўн икки минг) сўм;
  • 2 килограмм майиз 70 000 (етмиш минг) сўм;
  • 4 килограмм хурмо 120 000 (бир юз йигирма минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.

Бу йилги фидя миқдори эса бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 20 минг сўм, деб белгиланди.

Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

Ислом шариатига кўра, фитр садақаси моли закот нисобига етган мусулмон киши томонидан мискинларга берилиши вожиб бўлган садақа бўлиб, уни Рамазон ойи давомида бериш мақсадга мувофиқ саналади.