Ўзбекистон мусулмонлари идораси Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги фатвони эълон қилди.

Унга кўра, 2020 йилги Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Шунингдек, Рамазон ҳайити кунлари эпидемик ҳолат мавжудлиги ва одамларнинг ҳаётига хавф сақланиб қолиши сабабли жума ва бошқа намозлар каби Ийд намозини ҳам жамоат бўлиб ўқишнинг иложи бўлмайди.

«Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намози адо этиш соқит бўлади», — дейилади баёнотда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишни тавсия қилди.

Эсалатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Рамазон ҳайити байрами 24 май куни нишонланиши эълон қилинди. Бунда коронавирус пандемияси туфайли уйда, оилада ўзаро тушуниш ва ҳамжиҳатлик муҳитида муносиб равишда ўтказишга эътибор қаратилади.