Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 18 майдан бошлаб шахсий автомобилларнинг ҳаракати бўйича чекловлар босқичма-босқич бекор қилинади. Бу ҳақда «KoronavirusInfo» расмий канали хабар берди.

Қарорга кўра, ҳудудлар бўйича қуйидаги тартиб жорий этилади.

«Сариқ» тоифадаги ҳудудларда ➖ соат 06.00дан — 22.00 га қадар бўлган вақт оралиғида автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига рухсат берилди. Бунда автотранспорт воситаларининг салонида 4 кишидан ортиқ бўлмаслиги лозим.

«Қизил» тоифадаги ҳудудларда ➖ автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига фақатгина куннинг муайян вақтида (07.00 дан — 10.00 гача, 17.00 дан — 20.00 гача) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади.

«Яшил» тоифадаги ҳудудларда ➖ Республика махсус комиссияси йиғилишининг 6 майдаги қарори билан автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига рухсат берилган эди.

Бундан ташқари, 18 майдан бошлаб Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновлар (бориш ва қайтиш) тикланади.

Шунингдек, Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилади.

Шу билан бирга авиа ва темир йўл қатновларини ташкил этишда барча карантин қоидаларига амал қилиш, шу жумладан, йўловчилар сонини камайтириш, дезинфекция қилиш ва бошқа санитария талаблари сўзсиз бажарилиши талаб этилади.

Республика махсус комиссияси томонидан Карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг Вақтинчалик тартиби тасдиқланди.