Молия вазирлиги Қурилиш вазирлиги томонидан қимматбаҳо Land Cruiser 200 автомашинаси истисно тариқасида танловларсиз, тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб олиниши юзасидан муносабат билдирди.

Унда айтилишича, Молия вазирлигига 7 май куни Қурилиш вазирли томонидан тайёрланган Вазирлар Маҳкамаси фармойиши лойиҳаси келишиш учун келиб тушган. Ҳужжат лойиҳасида Қурилиш вазирлигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Land Cruiser 200 русумли автомашинаси харидини истисно тариқасида танловларсиз, тўғридан-тўғри шартнома асосида амалга ошириш вазифаси юклатилган. Toyota компаниясининг Тошкентдаги расмий дилери веб-сайтида ушбу моделнинг нархи 1,4 млрд сўмдан бошланади.

Эслатиб ўтилганидек, президентнинг 2019 йил 13 августдаги фармонига асосан вазирлик ва идоралар, шунингдек, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат харидларини амалга оширишда истисно тарзида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш тақиқланган.

Фармойиш лойиҳасида тўғридан-тўғри шартнома асосида давлат харидини амалга ошириш бўйича киритилган норма давлат харидлари тўғрисидаги қонун-ҳужжатлари талабларига зид бўлгани сабабли, шунингдек давлат харидларини очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги каби принципларга таянган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ушбу нормани чиқариб ташлаш бўйича Молия вазирлигининг таклифи билдирилган, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Ўзбекистон Молия вазирлиги давлат хизматчиларига расмий транспорт воситаларини ажратиб бериш тартибини белгилайдиган янги норматив ҳужжат устида иш олиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди.