«Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси Шерзод Кудбиевни Давлат солиқ қўмитасининг раиси лавозимига ва Мусаев Беҳзод Анварович номзодини бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига маъқуллади. Бу ҳақда фракция раҳбари Алишер Қодиров ўзининг Телеграм саҳифасида маълум қилди.

Шерзод Давлатович Кудбиев 2019 йилнинг август ойидан Ўзбекистон президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ва 2019 йили янги ташкил этилган президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг директори лавозимида иш юритиб келмоқда.

Маълумот учун, Шерзод Кудбиев (1981 й. т.) Фарғона политехника институтини тамомлаган (мутахассислиги — молия ва кредит). Вазир бўлишига қадар Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими сифатида фаолият кўрсатган. 2015−2016 йилларда Вазирлар Маҳкамаси Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти мудири ўринбосари бўлиб ишлаган.

Аввалроқ — 2012−2015 йилларда — Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги (ҳозирги — Бандлик ва меҳнат муносабат лари вазирлиги) Аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш республика илмий маркази директори лавозимида ишлаган.

2010−2012 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги департаментида етакчи ва бош мутахассис, 2007−2010 йилларда Меҳнат вазирлигида турли лавозимларда ишлаган.


Мусаев Беҳзод

Беҳзод Мусаев (1973 йилда туғилган) Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ва 2004 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошида Олий бизнес мактабида таълим олган.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Ўзбекистон миллий банкида иккинчи тоифали мутахассис сифатида бошлаган. 1997 йилдан 1998 йилгача банкнинг Хамза туманидаги (ҳозирда Яшнаобод тумани) филиалининг бошқарувчиси бўлиб ишлаган. 1998−2002 йилларда Беҳзод Мусаев Молия вазирлигида бўлим бошлиғи, кейин эса бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлаган. У ерда, Б.Мусаев давлат қимматли қоғозлар бозори фаолияти устидан назоратни амалга оширган, кейинчалик ижтимоий институтлар ва фанни молиялаштиришга масъул бўлган.

2002 йилдан 2006 йилгача у Ҳисоб палатаси этакчи инспектори, бош инспектори, раис ўринбосари ва 2002 йилдан 2006 йилгача — Ҳисоб палатасининг раиси лавозимларида ишлаган. 2010−2011 йилларда Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари эди. 2018 йили март ойида ДСҚ раисининг биринчи ўринбосари лавозимига қайта тайинланиб, май ойидан эса ДСҚ раиси вазифасини бажарувчи сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

«Газета.uz» га маълум бўлишича, Қонунчилик палатасининг бошқа фракция депутатлари ҳам ушбу номзодларни маъқулладилар. Энди президент ушбу номзодларни ўзининг фармони билан тасдиқлаши керак бўлади.