Аэронавтика ва космик фазовий тадқиқотлар миллий бошқармаси (NASA, АҚШ) Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларининг Сардоба сув омбори тўғони ўпирилишидан олдинги ва кейинги ҳолатлари акс этган сунъий йўлдош расмларини эълон қилди.

Расмлар 22 апрель ва 8 май кунлари Landsat 8 спутники орқали олинган ва сув қаерда йиғилиб қолганини кўрсатади.

22 апрель ҳолати бўйича расм

8 май ҳолати бўйича расм

Пастдаги расмда тўғон ўпирилишининг жойи ва қисман бўшаб қолган сув омбори кўрсатилган. Сунъий йўлдош расми олинган вақтда сув чиқиши тўхтаган, лекин сув оқими қайси йўналишлардан кетганлигини кўриш мумкин. Сувнинг бир қисми тўғон бўйлаб шимолга, кейин эса шарққа оқиб кетган.

Сардоба сув омбори ҳудуди, 8 май

Сув босган ҳудудлар, 8 май

Лекин NASA нинг аниқлик киритишича, сувнинг барчаси ҳам фақат каналлар бўйлаб оқиб кетмаган. Шеффилд (Буюк Британия) Университети профессори Дейв Петлининг ўз блогида ёзишича, сув оқимлари кенг ҳудудларга етиб борган ва майдонлар ҳамда аҳоли яшаш пунктларига зарар етказган.

«Яшил» ва сув босган ҳудудлар орасидаги фарқ айниқса «сохта рангли» расмларда билинади (улар 30 апрель ва 7 май кунлари олинган).

30 апрель ҳолати бўйича расм

7 май ҳолати бўйича расм

NASA нинг таъкидлашича, сув омборидан шимолга йўналган сув Ўзбекистон ва Қозоғистон чегараларини ўз ичига оладиган катта ҳудудда тўпланиб қолган.

Олдинроқ хабар берганимиздек, 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши оқибатида Сирдарё вилоятидаги бир нечта туманлар ҳамда қўшни Қозоғистондаги аҳоли турар жойларини сув босган эди.