Пенсионерлар хизмат кўрсатадиган банкларни танлаш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда 11 май куни Марказий банк департаменти директори Аброрхўжа Турдалиев иштирокидаги брифингда айтиб ўтилди.

Маълумотга кўра, дастлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида пенсия тўловларини тўлаш учун Халқ банки томонидан 620 мингга яқин банк картаси муомалага чиқарилган. Бироқ, пенсия маблағларини банк карталари орқали аҳолига етказиш ишлари тўғри ташкил этилмаганлиги аҳоли учун бир қатор ноқулайлик ва сарсонгарчиликларни келтириб чиқарди ва уларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлди, дея таъкидлади МБ вакили.

Бунинг оқибатида 7−8 май кунлари бир неча соат давомида банк карталари орқали бажарилаётган транзакциялар сони кескин ортган. Натижада, «HUMO» тўлов тизимининг айрим тўлов терминаллари орқали тўловларни амалга оширишда узилишлар юзага келган.

Марказий банк Молия вазирлиги билан биргаликда пенсия маблағларини етказиш тизими тубдан қайта кўриб чиқиб, пенсия маблағларини ягона банк орқали пенсионерларга етказиш тизимининг самарасизлиги ва бу амалиётдан воз кечиш лозимлиги бўйича хулосага келинган.

Шу муносабат билан, пенсионерларга банк хизматларидан фойдаланишда максимал даражада қулайлик яратиш мақсадида хизмат кўрсатадиган банкларни танлаш имконияти берилади.

«Бу орқали пенсионерлар ўзларига мақбул бўлган ихтиёрий банкда ҳисоб-рақам очиш орқали уларнинг банк картасидан фойдаланишга имконият яратилади. Мазкур танлаш имконияти бир марталик бўлмасдан, пенсионерлар кўрсатилаётган банк хизмати сифатидан қониқишидан келиб чиқиб, хизмат кўрсатувчи банкни ўзгартириши мумкин», — дея таъкидлади Аброрхўжа Турдалиев.

Ушбу босқичма-босқич амалга ошириладиган жараённинг банклар томонидан мижозбай ишлашга бўлган рақобат муҳити яратишда хизмат қилиши айтилмоқда.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Олдинроқ пенсия ва нафақа тўловларининг кечиктирилишига техник муаммолар сабаб бўлганлиги ҳақида хабар берилган эди.