Президент Шавкат Мирзиёев сешанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида карантин чоралари юмшатиладиган ҳудудларни ажратиш масаласини кўриб чиқди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар қилди.

Аниқ мезонлар — касаллар сони ва даволаниш динамикаси асосида баҳоланган санитария-эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда туман ва шаҳарлар «қизил», «сариқ» ва «яшил» ҳудудларга ажратиб чиқилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳокимиятлар билан биргаликда ҳар бир туман ва шаҳарда карантин даражасини белгилаб чиқиш, жойлардаги вазиятнинг ўзгаришига қараб тезкорлик билан уларни ўзгартириб туриш топширилди. Пандемия даврида 23 апрелда тасдиқланган вақтинчалик санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига риоя этилиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Президент ўз фаолиятини қайта бошлаган корхоналарда санитария қоидаларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатишни топширди.

Аввал хабар қилганимиздек, автомобиллар учун рухсат берувчи стикерлар бекор қилиниб, шахсий транспортдан фойдаланишга рухсат берилади. Республика махсус комиссияси қайси ҳудудларда ва қандай шартлар билан ноозиқ-овқат маҳсулотлари дўконлари, таксилар, сартарошхоналар ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаси субъектлари фаолиятини қайта тиклаш мумкинлигини белгилайди. Одамлар оммавий тўпланадиган объектлар бўйича чекловлар ҳозирча бекор қилинмайди.

«Эпидемиологик вазият яхшиланиши билан биз чекловларни бекор қилишда давом этамиз. Агарда вазият, аксинча, ёмонлашса, биз карантин чораларини қайта тиклаймиз», — дея президент сўзларидан иқтибос келтирди «Ўзбекистон 24» телеканали.