Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 май куни «Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 майдан бошлаб 2022 йил 1 январга қадар жисмоний шахсларга хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ҳам ипотека кредитларини ажратишга рухсат берилади.

Хусусий пудрат ташкилотлари томонидан қурилиши тугалланган, шунингдек, тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитларининг энг кўп миқдорлари:

  • қишлоқ жойларида 2 хонали квартиралар учун 174 млн сўмдан 240 млн сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 224 млн сўмдан 320 млн сўмгача;
  • шаҳарларда 2 хонали квартиралар учун 180 млн сўмдан 240 млн сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 232 млн сўмдан 320 млн сўмгача;
  • Тошкент шаҳрида 2 хонали квартиралар учун 198 млн сўмдан 264 млн сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 255 млн сўмдан 352 млн сўмгача оширилад.

Янги тартиб доирасида аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари (шу жумладан бугунги кунга қадар ажратилган ипотека кредитлари) муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилади.

2 ва 3 хонали квартираларни сотиб олишга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун субсидиялар Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги томонидан белгиланган уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида тўланади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида тажриба тариқасида Молия вазирлигининг тижорат банкларига ажратган кредит ресурслари ҳисобидан мазкур қарор қабул қилингунга қадар жисмоний шахсларга қонунда белгиланган тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва қайта қуриш учун кредитлар ажратишга рухсат берилади.

Бунда, кредитлар жисмоний шахсларга:

  • қурилаётган (қайта қурилаётган) якка тартибдаги уй-жой жойлашган жойи бўйича мазкур қарорнинг 3-бандида назарда тутилган кредитнинг энг кўп миқдорларидан ошмайдиган ва дастлабки бадали якка тартибдаги уй-жойни қуриш (қайта қуриш) ишлари қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорида 20 йил муддатга ажратилади;
  • белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган лойиҳа асосида хусусий пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган якка тартибдаги уй-жойни қуриш (қайта қуриш) ишлари бўйича тўловларни уларнинг депозит ҳисоб рақамларига нақд пулсиз шаклда амалга ошириш орқали берилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда Марказий банк билан биргаликда 1 декабрга қадар Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида амалга ошириладиган тажриба натижаларидан келиб чиқиб, якка тартибдаги уй-жойлар қурилишини қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига 2020−2021 йиллар давомида уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аҳоли қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан Фармон билан тегишли ҳудуд учун белгиланган субсидиялар сонини 1,3 бараварга
ва суммасини 40 фоизгача оширишга рухсат берилди.

2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан хусусий пудрат ташкилотларига янги тартиб доирасида шаҳар ва қишлоқ жойларида 4 ва ундан юқори қаватли ҳамда Тошкент шаҳрида 7 ва ундан юқори қаватли кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ажратилган тижорат банкларининг миллий валютадаги кредитлари бўйича:

  • кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик берилади;
  • фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмайдиган ва суммаси 20 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тўланади.

Бунда, кафиллик ва компенсациялар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги томонидан квартира бир квадрат метрининг тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қиймати ҳамда 2-хонали, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар майдонининг белгиланган меъёрларини инобатга олган ҳолда кўп квартирали уй-жойлар қурилганда берилади.

Вазирлар Маҳкамаси икки хафта муддатда янги тартиб доирасида шаҳарларда кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун ер участкаларини «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасидаги электрон аукционига чиқариш чораларини кўриши лозим.