Аввал хабар берилганидек, Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Бунда асосан, сув экин майдонларига зарар етказганлиги маълум бўлди.

ФВВ хабар беришича, сув чиқишининг оқибатларини бартараф этиш ишларига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари ҳамда ФВВнинг махсус техникалари жалб қилинган.

Вазият юзасидан Сардоба тумани «Қўрғонтепа» МФЙ сув омборининг атрофидаги қатор аҳоли яшаш пунктлари Мирзаобод туманига эвакуация қилинди. Хусусан, Қўрғонтепа, Дўстлик, Юртдош МФЙлардан жами 11598 нафар аҳоли шулар жумласидандир. Бундан ташқари, сув босиш хавфи бўлган «Қуйтош» МФЙ «Ота юрт» МФЙ ва «Бирлик» МФЙлардан ахолини эвакуация қилиш режалаштирилмоқда.

Айни вақтда Оқолтин тумани «Абдуалим» МФЙ аҳолисини Сардоба эвакуация қилиш ишлари бошланган.

Воқеа жойига республика хукумати раҳбари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардия (МГ) ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари етиб бориб, эвакуация тадбирларини ташкиллаштириш, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириб бормоқдалар.

Сув чиқиши натижасида фуқаролар ўртасида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумотлар келиб тушмаган.

Видео